Жамият | 20:00 / 22.06.2019
189445
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёлик аёлнинг президентга ёзган шеъри ижтимоий тармоқларни ларзага солди

Бир неча кун олдин номаълум аёлнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга қилган шеърий мурожаати ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб кетди.

Ярим ҳазил, ярим чин маънода ёзилган шеърдан муддао Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани, Нуристон шаҳарчасида болалар боғчаси муаммоси борлигини билдириш эди.

Қайд қилиш жоизки, аёл киши шеърида Президент Шавкат Мирзиёевнинг исмини тилга олмаган ва «оғажон» деб мурожаат қилган, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевни эса «ҳокимбува» деб атаган.

Бу шеърий мурожаат ижтимоий тармоқларда жуда кўп баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. Аёл кишининг оддий шеър орқали бир неча ижтимоий муаммолар ва камчиликларни очиб ташлагани одамларни яхши маънода таажжубга солди. Хусусан, унда йўлларнинг ёмонлиги, бюджет идоралари ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиниши, президент олдида маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўзбўямачилик қилиниши каби муаммолар тилга олинган эди. Аёл ўз шеърини «эркинлик деб кўп гапириб қўйдим, энди эримга босим бўлмасмикан?» деган ҳадик билан тугатган.

Видео: Youtube

Видео: mover (Tas-IX)

Қашқадарёлик аёлнинг шеърий мурожаатига самарқандлик журналист Каримберди Тўрамуродов видеомурожаат қилди. Унда аёлнинг дадиллиги, дангаллиги ва ижодий истеъдоди мақталди. Шунингдек К.Тўрамуродов аёлнинг ушбу мурожаати президент Ш.Мирзиёевга етиб бормаслиги, ўзига нисбатан эса босим уюштирилишини тахмин қилди. Мурожаатнинг охирида ўзбек халқининг дуоси аёл учун энг катта мукофот бўлиши айтилган.

Самарқандлик журналистнинг видеомурожаат орқали қўллаб-қувватлашига қашқадарёлик аёл ҳам миннатдорчилик билдириб, жавоб қайтарди. Бу сафарги шеърида аёл ўз мурожаатини президентга етиб боришига умид-ишонч билдирган. Шунингдек, шеър чиққанидан сўнг ўз маҳалласида қандайдир ишлар бошлаб юборилганига шаъма қилган. Бу сафар ҳам аёл яна бир неча муаммоларни, хусусан қарсакбозлик, маддоҳлик, президент порталига қилинган мурожаатлар ечимини топмаётгани каби муаммоларни айтиб ўтган. Якунда аёл бу мурожаатидан шахсий манфаатни кўзламаганини, балки фақат болалар келажагини ўйлаганини яна бир бор таъкидлаган.  

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид