Спорт | 16:00 / 23.06.2019
28396
5 дақиқада ўқилади

Месси учун навбатдаги синов. Аргентина яна қийин аҳволда

Фото: Reuters

Америка Кубогида навбатдаги ўйинлардан кейин юзага келган ҳолат билан таништирамиз.

Уругвай амалда плей-оффда

Айни вақтда чорак финал иштирокчиларининг ярми маълум бўлиб улгурган. Бразилия ва Колумбия ўз гуруҳларида биринчи ўринни кафолатлаган. Учинчи турда Венесуэла Боливияни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, А квартетида иккинчи ўринни эгаллади. Перуда учинчи ўрин билан гуруҳдан чиқиш имконияти мавжуд, Боливия турнирни тарк этиб бўлган.

Амалдаги чемпионлар бўлмиш Чили терма жамоаси футболчилари 3-тур ўйинида Уругвайга ютқазишса иккинчи ўринга тушиб кетиши мумкин, холос.

Луис Суарес жамоадошлари ҳам иккинчи ўриндан пастга тушмаса керак. C гуруҳида айни вақтда учинчи ўринда жойлашган Японияда атиги 1 очко бор ва кунчиқар юрт вакилларида тўплар нисбати ёмон - жанубий америкаликларда +4, осиёликларда эса -4. Уругвайликлар бу устунликни йўқотиши, Япония Эквадорга жуда кўп гол уришига ишониш қийин. 

Чили охирги турда Уругвайни минимал ҳисобда енгса, японияликлар Эквадорга жавобсиз 7та гол уриши талаб этилади. Уругвай эса Чилига 0:5 ҳисобида ютқазса ҳам, учинчи ўринни олган жамоалар орасида энг ёмони бўлмайди.

Иш қуръагача бориб етадими?

«Кўк самурайлар»да учинчи ўрин билан гуруҳдан чиқиш учун назарий жиҳатдан имконият сақланиб қолмоқда (3та гуруҳдан 2та учинчи ўрин эгалари кейинги босқичга ўтишади).

Дастлабки икки турда бир ғалаба ва бир дуранг қайд этган Перу учинчи турда Бразилияга йирик ҳисобда мағлуб бўлгач (0:5), бу борада мувозанат ўзгарди. Турнир мезбонларига қарши ўйиндан ўйиндан олдин «инклар» гуруҳдан чиқадигандек кўринаётган, терма жамоа тўплар нисбатига кўра яхши вазиятда эди, энди эса учинчи ўринни эгаллаган перуликларда 4 очко ва минус 3. Агар Бразилияга қарши ўйин охирида дарвозабон Гальесе Габриел Жезус пенальти нуқтасидан берган зарбани қайтармаганида вазият бундан ҳам ёмонроқ бўларди.

Энди Япония 2та гол уриб ғалаба қозониши керак бўлади - 2:1, 3:2 ва ҳоказо. Агар японлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонса, Японияда ҳам Перуда ҳам тўплар нисбати бўйича бир хил кўрсаткич ҳосил бўлади - икки терма жамоада ҳам 4тадан очко ва 3:6 кўринишидаги тўплар нисбати. Агар иш шунга бориб етса, омадли жамоа қуръа ташлаш йўли орқали аниқланади.

Аргентинага ғалаба зарур

B гуруҳида ҳозир жуда чигал вазият юзага келган. Парагвай иккинчи ўринда, аммо бу жамоа учинчи турдан кейин тўртинчи ўринга тушиб қолиши ҳам мумкин. Агар охирги турда Аргентина ва Қатар дуранг ўйнаса ва парагвайликлар Колумбияга 0:3 ҳисобида ютқазишса, охирги ўринга тушиб кетишади. Шу билан биргаликда, парагвайликларда 2 очко билан ҳам гуруҳдан чиқиш имконияти мавжуд. Бунинг учун улар учинчи турда биттадан ортиқ гол ўтказмасдан ютқазиши, C гуруҳида Япония ва Эквадор, B гуруҳида Аргентина ва Қатар терма жамоалари ўйинларида дуранг натижалар қайд этилиши керак бўлади.

Агар Парагвай дуранг ўйнаса ва Аргентина ва Қатар терма жамоалари ўйинида томонлардан бири ғалаба қозониб, парагвайликлар учинчи ўринга тушиб қолса, барчаси C гуруҳидаги вазиятга боғлиқ бўлади - Япония ва Эквадор ўйинида ёки дуранг қайд этилиши керак, ёки эквадорликлар камида 5:0 ҳисобида ғалаба қозониши керак бўлади.

Лекин бунга умид қилмаса ҳам бўлаверади. Ҳали бирорта очко жамғармаган Эквадорда ҳам учинчи ўрин билан плей-оффга йўл олиш имконияти мавжуд. Бунинг учун Эквадор Японияни кичикроқ ҳисобда енгиб, Аргентина ва Қатар ўзаро ўйинда дуранг ўйнашига умид қилиши керак бўлади.

Лионель Месси ва унинг терма жамоасини эса ғалабадан бошқа ҳисоб қониқтирмайди. Аргентиналиклар ўз ўйинида ғалаба қозонса ва Парагвай Колумбияга қарши ўйинда ғалаба қозона олмаса, Аргентина иккинчи ўринга кўтарилади. Агар Парагвай ўз ўйинида ғалаба қозонса, Аргентинани ғалаба максимум учинчи ўринга олиб чиқади ва Аргентина Перуни энг яхши учинчи ўрин эгалари баҳсида ортда қолдириши мумкин - ҳозирда Перуда «минус 3», Аргентинада яхшироқ (-2). Аргентиналиклардан гуруҳдан чиқиш учун фақат ғалаба қозониш талаб этилади. 

Мавзуга оид