Спорт | 15:23 / 10.07.2024
11080
7 дақиқада ўқилади

Месси гол урди, Аргентина мажбурий дастурни бажарди

Жаҳон чемпионлари финалда тўлиқ куч билан ўйнаши талаб этилади.

Фото: SARAH STIER/GETTY IMAGES

Аргентиналиклар канадаликларни мағлуб этган ҳолда, Америка кубогининг илк финалчисига айланди.

Америка Кубоги-2024. Яримфинал
Аргентина — Канада 2:0
Голлар: Алварес (22), Месси (51).
Аргентина – Эмилиано Мартинес, Монтиэл (Молина, 71), Ромеро, Лисандро Мартинес, Таляфико (Отаменди, 64), Ди Мария (Гонсалес, 78), Мак Аллистер (Паласиос, 78), Де Паул, Фернандес, Месси, Алварес (Лаутаро Мартинес, 78).
Канада – Крепо, Ларейя (Аҳмад, 55), Жонстон, Корнелиус, Лумпунгу, Дэвис (Осорио, 71), Эуштакиу (Шуэне, 72), Коне, Ларин, Дэвид (Олувасейи, 64), Шаффелбург (Миллар, 55).
Огоҳлантиришлар: Дэвид (32), Эуштакиу (63), Марш (77), Коне (79), Молина (88)

Америка кубогининг биринчи яримфинали ушбу жамоалар қарама-қаршилигида ўтишини олдиндан тахмин қилиш қийин эди. Аниқроғи, Аргентина бу босқичга етиб келишига ҳеч ким шубҳа қилмаган, аммо Канада турнирнинг энг кучли тўрт жамоаси қаторида бўлишини кўпчилик кутмаганди. Шимолий америкаликлар учун гуруҳда учинчи ўрин бўлиш учун инқироз ҳолатидаги перуликлар билан рақобат қилиши кутилаётганди. Аммо қизиллар Чилини ҳам ортда қолдириб, гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқди, кейин эса плей-оффнинг илк ўйинида ўз гуруҳидан юз фоизлик натижа билан чиққан Венесуэлани пеналтилар сериясида мағлубиятга учратди.

Жамоани 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёрлаш учун таклиф этилган Жесси Марш ўз ишини аъло даражада уддаламоқда. «Лидс»дан бўшатилганидан кейин бир йилдан ортиқ вақт давомида ишсиз юрган америкалик мутахассис турнир бошлангунича янги жамоаси билан атиги икки ўйин ўтказишга улгурганди. Биринчисида Нидерландиядан тўртта жавобсиз гол қабул қилиб олинди, иккинчисида Франция билан ўйинда дарвозалар дахлсизлиги сақлаб қолинди, кейин эса Канада учун тарихий ютуқларга эришилди. Маршнинг ўзи биринчи кундаёқ уни бу лавозимга олиб келишни қанчалар хоҳлашганини ҳис қилганини айтмоқда.

Унинг ишларига фақат икки йилдан кейин — жаҳон биринчилигида тўлиқ баҳо берилиши тушунарли. Аммо айни вақтда у билан шартнома имзолаган Канада футболи раҳбарлари ва ҳомийлар барчасидан мамнун бўлиши керак. АҚШ футбол федерацияси эса уни қўлдан чиқаргани учун афсусда. Америкаликлар ўтган йили Маршни суҳбатга таклиф этишган, аммо якунда Грегг Берҳалтер билан шартномани узайтиришга қарор қилишган. Канададагилар эса федерациянинг молиявий ҳолати яхши эмаслигига қарамай, ундан пул қизғониш тўғри бўлмаслигини англашган. Янги раҳбарият Канадани 2022 йилги мундиалга олиб чиққан ва жамоа бош мураббийлигидан кетиб, «Торонто» клубида иш бошлаган Жон Ҳердман билан боғлиқ ҳолатдан сабоқ чиқаришгани кўриниб турибди. Ушбу мутахассис федерация миллий жамоага зарур молиявий ёрдам ҳамда шарт-шароитлар яратиб бермаганини танқид қилганди.

Қизиллар янги штаб билан ўйиндан ўйинга кучаймоқда. Шунчаликки, Копа Америка давомида Аргентинага қарши иккинчи учрашувни ўта дадил бошлади. Канада ҳимояда ўтиришни истамади ва омадини қарши ҳужумлардан излади. Жамоа комбинациялар уюштиришдан ҳам тортинмади ва аргентиналикларни сергак туришга мажбур қилди. Энг қулай вазиятдан форвард Жейкоб Шаффелбург фойдалана олмади: у қулай позицияда туриб пас қабул қилиб олди ва жарима майдонига кирмасдан узоқ бурчакни нишонга олди, аммо тўп устун ёнидан ўтиб кетди. Шунингдек, «Бавария» вингери Дэвис, Франция чемпионатининг энг яхши тўпурарларидан бири Дэвид ҳамда «Порту»нинг асосий футболчиларидан бири Эуштакиу алоҳида ажралиб туришди. 

Дастлабки 10 дақиқаликдан кейин Аргентина яна ташаббусни ўз қўлига олди. Умуман олганда айтиш мумкинки, Аргентина бу ўйинни ҳам бутун турнир давомидаги бошқа ўйинлар каби ўтказди. Жамоа асосан ижрочилар савиясига таянмоқда. Месси ва Ди Марияга навбатдаги шедевр голларини уришга сантиметрлар халал берган бўлса, Алварес 22-дақиқада Де Паулнинг ажойиб узатмасидан кейин икки марказий ҳимоячи орасидан ёриб ўтиб, ҳисобни очди.

Танаффус арафасида эса канадаликлар ҳисобни тенглаштиришга яқин келишди. Тўп аутдан дарвозабон ҳудудига ташлаб берилганида унга Дэвид етиб борди, аммо чемпионларни Эмилиано Мартинес яна бир бор қутқарди.

Иккинчи бўлим бошланганида эса Лео ниҳоят турнирдаги илк голини урди. У Энцо Фернандес жарима майдонига кириш жойидан тепган тўпни йўл-йўлакай дарвозага тўғрилаб юборди. У тўп тепилган вақтда офсайдда эмасди ва дарвозабоннинг кўриш масофасига кирмаганди.

Аргентинанинг иккинчи голидан кейин Канада тақдирга тан бергандек кўрина бошлади. Турнирнинг амалдаги ғолибига қарши, таркибда Месси борлигида икки гол фарқини йўққа чиқариш — уддалаб бўлмас вазифа эди. Аргентина ҳам куч тежаш режимига ўтди ва олдинга чиқмай қўйди. Айрим ҳолатларда майдонда Франция ва Англиянинг Евро-2024 давомидаги ўйинлари такрори қўйилаётгандек кўринди.

Лекин бу ўйин ҳам аргентиналикларнинг қизиққонлигисиз ўтмади. 79-дақиқада канадаликлар яримҳимоячиси Исмаэл Коне Де Паулга фол ишлатди ва тўпни ерда ётган рақибига қарата тепди. Арбитр унга сариқ карточка кўрсатди, аргентиналиклар эса ўзларини занжирдан бўшалгандек тутиб, канадаликлар устига ташланишди.

Ўйиннинг сўнгги қисми нисбатан тинч кечди. Канада гол уриш ва интригани қайтаришга уринди, аммо бундан ҳеч нарса чиқмади. 90-дақиқада Тани Олувасейи қулай вазиятни йўққа чиқарди: у яқин масофадан зарба берганди, аммо Эмилиано Мартинес аргентиналикларни яна бир бор қутқарди.

Аргентина қилиши керак бўлган ишни амалга оширди ва қаторасига иккинчи бор кубокни қўлга киритиш учун навбатдаги қадамни ташлади. Фақат финалда Лионел Скалони жамоаси максимал куч билан ҳаракат қилиши керак бўлади. Канадага қарши ўйинда жамоа ярим соат давомида тўлиқ куч билан ҳаракат қилди ва шунинг ўзи етарли бўлди. Ҳал қилувчи баҳсда эса 90, балки 120 дақиқа давомида шундай ўйнашга тўғри келиши мумкин. Рақиб ким бўлишидан қатъи назар. Агар Уругвай Колумбия тўсиғидан ўтса, финал океанортидаги энг совриндор икки жамоа қарама-қаршилигига айланади, айни вақтгача улар 15 мартадан Америка кубогини қўлга киритган.

Мавзуга оид