Жаҳон | 17:03
1877
6 дақиқада ўқилади

Қирол қайтди, яшасин қирол!

Америка мундиали ҳайратлантиришда давом этмоқда. Икки кун аввал ҳеч ким танимайдиган Кабо-Верде дарвозабони Возиня бир кунда дунё футболи юлдузига айланганди. Бугун тонгда яна бир даҳо ҳамон чўққида эканини барчага эслатди. Тунда Мбаппенинг ажойиб ўйини ва Ҳоланднинг дублидан кейин шаҳзодалар курашга киришди деган мазмунда чиқиш қилишга тайёрлангандим, лекин тонгда «чангалзор қироли» келиб бир латифада айтилганидек «ҳаммани ҳайдаб юборди».

Месси Клозега етиб олди

Кеча тунда Сенегал дарвозасига икки ажойиб гол урган Килиан Мбаппе мундиалларда урган голлари сонини 14 тага етказиб, бу борада Мессини ортда қолдирган ва учинчи ўринга кўтарилиб олганди. Олтинчи ЖЧни ўтказаётган Месси эса тонгда Жазоир дарвозасига нақ учта гол урди.

Месси ва Роналду шунақа кўп гол урганки, уларнинг ҳар бир нечта голидан кейин қанақадир рекордлар янгиланаверади. Бугунги голларидан кейин Месси ЖЧлари тарихидаги энг яхши тўпурар Мирослав Клозега етиб олди. Мен бу рекордни кейинчалик Мбаппе узоқ вақт янгилаб бўлмайдиган ҳолатга келтириб қўйишига ишонаман. Чунки француз ҳали яна 2-3 мундиалда қатнашса керак, бунинг устига кейинги ўйин Ироқ билан. Лекин 39 ёшга кираётган Месси ҳамон энг зўрлар билан курашиб юргани таҳсинга сазовор.

Лео шу куни Аргентина миллий жамоаси сафидаги 200-ўйинида майдонга тушди. Даҳшат, 200 та ўйин-а! У Жазоирга қарши ўйинда Аргентинани 20-марта ЖЧ ўйинида сардор сифатида бошлаб тушди. Бу мутлақ рекорд. Ҳужумчи 2006 йил Сербия ва Черногория дарвозасига гол уриб Аргентинанинг мундиалларда гол урган энг ёш футболчисига айланди. 20 йил ўтиб энди Аргентинанинг ЖЧларида гол урган энг ёши катта футболчисига айланди. 20 йил спорт формасини бу қадар яхши ушлаб туриш мўъжизанинг ўзи.

Леони «нафақага кузатишганди»

Лионел Месси, шубҳасиз, футбол тарихидаги энг яхши атлетлардан бири. У «Барселона»дан клуб раҳбарияти сабаб кетиб, ПСЖга ўтди. Францияда ҳам жуда кўп гол урди, ассистлат берди, совринлар ютди, лекин ундан ЧЛда ғолиблик кутишганди, шу сабаб фаолияти муваффақиятсиз деб баҳоланди. Футболчининг ўзи ҳам Парижда бахтли бўлмаганини тан олди. Ахир «Барселона» рамзига айланган футболчи қандай қилиб Европанинг бошқа жамоасига мослашиб кетсин?

Кейин унга Саудиядан ақл бовар қилмас маош таклиф қилишди. Араблар ўз чемпиоатларида Месси – Роналду тўқнашувини кўришни истаганди. Лекин Лео анча кам маошга Америка жамоасига ўтиб кетди. У азалдан Американи яхши кўргани, оиласи билан бирга қарор қабул қилганини айтди. Шу-шу кўздан панада, олис Америкада футбол ўйнаб юрди.

Кўпчилик Месси энди ЖЧда ўйнамаса ҳам бўлади, кубокни ютди, ҳолати аввалгидек эмас, деди. Лекин унинг сезгилари ўлмаган экан. Лео Жазоирга қарши ўйинда «Қатарда Мессини ФИФА ва қатарликлар чемпион қилди», дейдиган ҳейтерларни «хот-докка юбориб», барча саволларни ёпди. Учта голидан иккитасини «Барса»даги энг яхши дамларидаги каби мукаммал зарба билан урди. Биринчиси 2022 йил Мексикага урилган голни эслатди. Учинчи гол эса Ла Лигадаги деярли ҳар турда уриб юрган голларини.

Мессининг мухлислари хурсанд бўлишгани аниқ. 15 йил унинг фақат юқори даражадаги такрорланмас ўйинини кўриб юрган «Барселона» мухлислари раҳбариятдаги интригалар сабаб Мессининг жамоадан кетишини оғир қаршилади. Кейин Лапорта уни олиб келаман деб сайловни ютди, лекин айнан Лапорте ҳар қандай шарт билан қайтишга рози бўлган Месси учун эшикларни ёпди. «Барселона» клуб рамзига айланган футболчи билан эплаб хайрлашмади ҳам, унга етарлича ҳурмат кўрсатмади.

Лео тўполон қиладиган, ҳамма гапни тўкиб соладиган йигит эмас, у жуда камгап йигит, индамай ҳаммасини майдонда исботлайди. Ҳамма кўрди, у ҳамон топ даражада экан. Керак бўлса, «Барселона»даги исталган ҳужум вакилидан кучли экан, камида ушбу мундиалда. «Барса»чилар Кабо Вердега бирорта гол ура олмади, Месси эса бир соат ичида Зиданнинг ўғлига учта голни қадаб қўйди.

Кеча Сенегалга қарши ўйинда Киллиан Мбаппе дунё футболининг айни дамда тенгсиз футболчиси эканини, Олисе «Олтин тўп»га даъвогар эканини, Ҳоланд ЖЧдаги ҳам гол машина бўла олишини исботлади. Месси эса энг яхши бўлишга даъво қилмаса ҳам, ҳамон куч-қувватга тўла йигитлар билан кураша олишини кўрсатди. Айтганча, Ҳоланд ҳет-трикдан кейин Мессини «ақлдан оздирадиган футболчи» деб пост ёзди.

Инглизларнинг менга ёқмайдиган бир мақоли бор. Сўзимизни ўша мақолни сал ўзгартириб якунламоқчиман: қирол қайтди, яшасин қирол! Лео, сен даҳосан, дўстим. Сен билан замондош эканимдан фахрланаман. Айтганча, бугун тунда Конго дарвозабонига жуда қийин бўлади, сабабини биласиз...

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид