Жамият | 21:02 / 24.06.2019
39325
3 дақиқада ўқилади

250 минг сўм пора олган маҳалла раисига ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман суди судъяси А.Хомидов томонидан К.М.га нисбатан жиноят кодексининг бир неча моддалари доирасида суд иши кўрилди. 

Судланувчи К.М. Фориш тумани, «Илонли» маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида ишлаб келган. Ўзини-ўзи бошқариш органи мансабдор шахси бўла туриб, ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда таъмагирлик йўли билан иш тутган. 

2018 йил 21 сентябрь куни Фориш тумани, «Илонли» МФЙ биносида фуқаро Д.С.дан 100.000 сўм пулни жамоат ишларига жалб этиш ва 150.000 сўм пулни вояга етмаган 2 нафар фарзандига 14 ёшгача нафақа тайинлаб бериш эвазига жами 250 минг сўм пулни пора тариқасида олган вақтда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Жиззах вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланган. Пора тариқасида олган 250 000 сўм пул маблағи ашёвий далил сифатида рўйхатга олинган.

Бундан ташқари, К.М. Фориш тумани «Илонли» МФЙ котиби М.А. билан тил бириктирган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига зид равишда (2018 йил 24 октябрь кунги «ҳужжатли тафтиш хулосаси»га кўра) 2017 йил 1 декабрдан 2018 йил 1 октябрга қадар 25та ҳолатда жами 47.429.314 сўм нафақа пуллари нотўғри тайинланган. Шундан 27.496.913 сўм бюджет маблағлари ортиқча тўлаб юборилган. Бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.

Суд судланувчи К.М.га нисбатан жазо тайинлашда айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, жиноят оқибатида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганини инобатга олиб, унга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Мавзуга оид