Ўзбекистон | 19:22 / 24.06.2019
5711
2 дақиқада ўқилади

Транспорт вазири ўринбосари: «Чекка ҳудуд аҳолиси ҳам энг яқин автостанцияга узоғи билан бир соатда етиб олиши керак»

Бугун, 24 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида транспорт вазирлиги томонидан ўтказилган пресс-брифингда соҳада амалга оширилаётган ишлар, ҳал қилиниши керак бўлган масалалар муҳокама этилди.         

Тадбирда қатнашган транспорт вазири биринчи ўринбосари Илҳом Маҳкамов автомобиль транспорти йўналиши бўйича туман бекатлари ва автостанция, автовокзаллар барпо қилиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Энг чекка ҳудуд аҳолисига ҳам сифатли транспорт хизмати кўрсатилиши лозим. Улар узоғи билан бир соатда автостанция ва автовокзалга етиб бориши керак ва бу бўйича махсус концепция ишлаб чиқдик. Бунинг учун нималар қилиниши зарур? Ҳар бир туманда камида биттадан автостанция, барча вилоят марказларида эса автовокзаллар барпо қилиниши бўйича ишлар қилиняпти. 25та автовокзал қурилиши ва реконструкцияси белгиланган. Туманларда 19таси янгидан барпо қилиняпти», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, оралиқ бекатларни қуриш борасида ҳам салмоқли натижага эришилгани айтилди. Туман марказларидан чекка ҳудудларга 107та янги йўналиш очилди. 320та туман бекатлари қурилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг жойлашуви ҳокимият томонидан белгиланади. Хусусий сектор ташаббуси билан ҳам шу каби 240та лойиҳа тасдиқланди.  

Мавзуга оид