Жаҳон | 23:44 / 25.06.2019
48010
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эронни йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилди

Фото: AP Photo/Evan Vucci

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон АҚШга ҳужум қилгудек бўлса, унга “катта куч”, ҳаттоки йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилди. 

“Эроннинг АҚШнинг бирор нарсасига ҳужуми улкан ва кўпроқ куч билан қарши олинади. Баъзи соҳаларда кўпроқ куч йўқ қилишни англатади”, деб ёзган Трамп твиттерда.

“Бошқа ҳеч қандай Жон Керри ва Обама бўлмайди!”, деб қўшимча қилган АҚШ президенти 2015 йилда Эрон билан ядро келишувини тузган ўзидан аввалги президент Барак Обама ва собиқ давлат котибини назарда тутиб.

Оқ уй раҳбарининг бу твити Эрон президенти Ҳасан Руҳоний сўзларига жавоб реакция бўлган: Вашингтон Эрон раҳбарияти ва ҳарбий қўмондонларига санкциялар киритганидан сўнг Руҳоний АҚШ маъмуриятини “ақлан заифликда” айблаган ва у нима қилаётганини билмаётганини айтган.

“Оқ уйнинг ҳатти-харакатлари унинг ақли заифлигини билдиради”, деган Руҳоний. У АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсати Трамп маъмуриятининг чорасизлигини акс эттиришини таъкидлаб ўтган.

Вашингтон ва Теҳроннинг ўзи шундоқ ҳам мураккаб муносабатлари 13 июнда Уммон кўрфазида иккита нефть танкери ҳужумга учрагандан кейин янада ёмонлашганди. АҚШ бу ҳужумларда Эронни айблаган.

Ўтган ҳафта АҚШ дронининг Эрон томонидан уриб туширилиши вазиятни янада чуқурлаштирди. Теҳрон дронни ўз ҳаво ҳудудида уриб туширганини, Вашингтон эса дрон халқаро ҳаво ҳудудида уриб туширилганини айтган. Шундан кейин Трамп Эронга зарба беришни маъқуллаган, бироқ зарба берилишига бир неча дақиқа қолганда бу қарорини бекор қилган.

Мавзуга оид