Бугун, 26 июнь куни Халқаро пресс-клубнинг Ўзбекистонда олий таълим соҳасига бағишланган бир ойлик сайёр сессиялари хулосалари юзасидан якуний муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда соҳага масъул ҳукумат мулозимлари ва аксарият ОТМларнинг ректорлари иштирок этди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, сессия аввалида ХПК томонидан бир ой давомида сайёр сессияларда ОТМ талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ректорлари томонидан кўрсатилган муаммоли ҳолатлар умумлаштирилган ҳолда санаб ўтилди.
Талабалар таъкидлаган муаммолар:
- Олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида ҳамкорлик йўқ. Шу сабабли амалиётнинг самараси бугунги истеъмолчилар талабига жавоб бермайди. Ёзги амалиёт эса коррупция ҳолатларини келтириб чиқаради.
- Талабанинг билимини жорий баҳолаш тизими талабга жавоб бермайди, талабанинг асл салоҳиятини кўрсатиб бермайди. Бу эса таъмагирликка асосий сабаб бўлмоқда.
- Ахборот-ресурс марказларининг моддий-техник базаси талаб даражасида эмас, уларнинг сиғими ўсиб бораётган талабалар контингентига мос келмайди.
- Айрим университетларда ҳатто интернет йўқ ёки тезлиги жуда паст.
- Замонавий ўқув-лаборатория ва ўқитишнинг техник воситалари етарли эмас.
- Айрим ўқитувчилар ўз устида ишламайди, мутахассислиги бўйича замонавий билимларга эга эмас.
- Дарслар қизиқарли бўлмайди. Етарлича билим берилмайди.
- Ўқув дарсликлари эскирган. Замонавий чет эл дарсликлари эса ўзбек тилида эмас. Электрон кутубхона тўлақонли шакллантирилмаган.
- Магистратурага қабул қилиш тизими шаффоф эмас.
- Ўқитиладиган фанлар сони жуда кўп. Номутахассислик фанлари ҳам якуний сессияда мутахассислик фанлари каби талабни қўяди. Талаба аъло баҳо билан сессияни ёпмаслиги учун номутахассислик фанлари атайлаб баҳони туширади.
- Энг коррупциялашган фанлар – ижтимоий-гуманитар фанлардир.
- Давлат имтиҳонларининг айримларини бекор қилиш керак.
Профессор-ўқитувчилар таъкидлаган муаммолар:
- Малака ошириш тизими талабга жавоб бермайди. Маълумотлар эски, янгиланмайди. Тизимда коррупция ҳолатлари мавжуд.














