Жамият | 20:50 / 27.06.2019
7423
3 дақиқада ўқилади

Божхоначилар қарийб 20 минг дона психотроп дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишди

Божхоначилар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида йирик миқдордаги психотроп дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Жумладан, 24 июнь куни Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Чилонзор туманидаги автотураргоҳдаги фуқаро Ж.М.га тегишли бўлган “Ласетти” русумли автомашинани белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечиришди.

Натижада, ушбу автомашина юкхонасида 11 минг 860 дона “Sonnat zopiklon 7,5 mg” психотроп дори воситалари борлиги аниқланди. Қонунбузарлар ушбу дори воситаларини 41,5 млн. сўмга пуллашни кўзлаган экан.

Шу куннинг ўзида Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Фарғона шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Фуқаро А.А. аёл киши бўлишига қарамасдан жиноятга қўл урди. У тезкор тадбир давомида шартли харидорга 100 дона қутида жами 3000 дона “Сомнол” Зопиклон 7.5 мг” номли психотроп моддаларни 5,2 миллион сўмга сотган вақтида қўлга олинди.

Божхоначилар томонидан навбатдаги тадбир 25 июнь куни Андижон шаҳрида ўтказилди. Тезкор тадбир давомида фуқаро С.А.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Текширув жараёнида ушбу шахснинг яшаш хонадонидан 15 та қутида жами 450 дона “Сомнол-Зопиклон 7,5 мг.” номли психотроп дори воситаси ҳамда тахминий нархи 79,8 млн. сўмлик 798 қутида 21 хил номдаги тиббий дори-дармонлар борлиги аниқланди.

Тадбир давом эттирилиб, фуқаро И.А.нинг ҳам яшаш хонадони белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди. Натижада мазкур хонадонда жами 4500 дона “Клофелин-Клонидин 0,15 мг” номли ва 29 та қутида жами 145 дона “Налбук-Налбуфин 1 мл” номли психотроп дори воситалари ҳамда тахминий нархи 33,4 млн. сўмлик 334 дона қутида 4 хил номдаги тиббий дори-дармонлар қонунга хилоф тарзда сақланаётгани фош этилди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид