Президент АОКА ҳақида: Бу агентлик ахборот майдонидаги фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича иш олиб бормоқда
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида президент администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолияти ҳақида тўхталди.
«Янгича шароитда ахборот соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида собиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилганидан хабарингиз бор.
Ушбу агентлик томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижий медиа компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириш, чет эл веб-ресурслари ва сайтларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, бир сўз билан айтганда, ахборот майдонидаги фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», дейилади табрик матнида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 1 февралдан бошлаб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилиб, энди Президент Администрация таркибидаги тузилма бўлган, унинг директори (Комил Алламжонов) лавозими эса давлат раҳбари маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарлигига тенглаштирилганди.
Шу йилнинг 5 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори имзоланди.
Унга кўра, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг PR-марказ функцияларини амалга ошириш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳини тузиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.
Қуйидагилар Идоралараро ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгиланган:
- Агентлик томонидан PR-фаолиятни ташкил этишнинг устувор вазифа ва йўналишларини, концептуал асосларини ишлаб чиқиш, ушбу соҳада самарали идоралараро мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш;
- иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестицияга эҳтиёж ва салоҳиятли лойиҳалар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш жараёнларини ва бизнес-форумлар ташкил этишни PR жиҳатидан қўллаб-қувватлаш учун доимий асосда ахборот материалларини тайёрлаш;
- мамлакатимиз инвестиция салоҳияти тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва таҳлил қилиш, истиқболли инвестиция таклифлари рўйхатини, хорижий инвесторлар учун зарур тақдимот материалларини тайёрлаш учун маълумотларни шакллантириш бўйича тадбиркорлик субъектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
- жаҳон ахборот маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, мамлакатнинг инвестиция муҳити ва туристик салоҳиятини тарғиб этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш.
Мавзуга оид
11:41 / 11.11.2024
Рамзан Қодиров Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан муносабат билдирди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
16:18 / 28.10.2024
Комил Алламжонов автомобилига ўқ узишда гумонланиб яна уч киши ушланди
23:51 / 27.10.2024