Жамият | 20:18 / 28.06.2019
6162
4 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонлик инвестор Наманганда кардиожарроҳлик амалиётини ўтказувчи шифохона очади

Ҳиндистоннинг Indian Institute of Medical Sciences компанияси Наманганда юрак жарроҳлик амалиётларини ўтказадиган шифохона очишни режалаштирмоқда ва айни кунларда бу муассасанинг лойиҳалаш ишлари бошланиш арафасида.

Наманганда бўлиб ўтган инвестиция форумида қатнашган Indian Institute of Medical Sciences компанияси вакили Митеш Верма қиймати 15 миллион АҚШ долларга баҳоланаётган лойиҳа тасдиқлангандан сўнг, шифохона 15 ой муддатда қуриб битказилиши, шунингдек ишга туширилишини маълум қилган.

«Юрак жарроҳлик операциясини ўтказиш учун Ҳиндистонга бораётган ўзбеклар сони кўпайиб бормоқда. Беморнинг яқин кишиси ҳамроҳлигида узоқ масофага сафар қилиши ва у ерда туриши соғлиқ ва моддий жиҳатлардан анча қийинчиликлар туғдиради. Шу сабаб биз Наманганда Ҳиндистондаги шифохонанинг кардиология бўлимини очишга қарор қилдик. Бу шифохонада Ҳиндистондан келган шифокорлар ишлайди», — дейди Верма.

Ҳиндистонлик инвесторнинг айтишича, бу лойиҳа Ўзбекистонга қўшни мамлакатлардаги мижозларни ҳам назарда тутиб тузилган.

«Қўшни мамлакатлардаги беморлар ёнидаги ҳамроҳлари билан Ҳиндистонга учиб боргандан кўра, автомобилда бу ерга (Наманганга) етиб келишлари қулай ва кам харажат талаб қилади», — дейди у.

Наманган шаҳар ҳокимлиги инвестиция масалалари бўйича бош мутахассис Мубашшир Адҳамовнинг айтишича, Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан шаҳарнинг Юксалиш массиви ҳудудида мазкур лойиҳа учун 2 гектар ер майдони ажратиб берилган.

«Инвесторлар учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Улар давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтказилди ва «Indian Institute of Medical Sciences  LLC» МЧЖ ХК ташкил этилди. Шу кунларда улар Наманганга келиб, ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини бошлаш учун лойиҳа тайёрламоқда. Лойиҳа 2020 йилда якунланиб, шифохона ишга туширилиши кутиляпти», — деди Адҳамов.

Ҳиндистонлик инвестор Верманинг ҳам таъкидлашича, лойиҳа Наманган ҳокимияти томонидан жуда яхши қабул қилинган ва солиқ имтиёзлари берилган.

«Биз ҳукуматнинг бунчалик қўллаб-қувватлашини, тўғриси, умуман кутмаган эдик», — дейди у.

Ҳозирда Ҳиндистон тиббиёт соҳасида етакчи давлатлардан бири ҳисобланади ва Ўзбекистонда турли оғир касалликларга чалинган беморларнинг кўпчилиги айнан шу мамлакатга бориб жарроҳлик операцияларини ўтказиб келмоқда.

Статистика қўмитасининг маълумот беришича, 2018 йилда 4 510 нафар ўзбекистонлик бемор Ҳиндистонга даволанишга борган. 2019 йилнинг биринчи чорагида эса бу рақам 1 196 тага етган. Уларнинг кўпчилигини юрак хасталиклари билан оғриган касаллар ташкил этади.

Ўтган йили Ҳиндистонга бориб икки босқичли мураккаб юрак жарроҳлиги ўтказганлардан бири, А. Норматовнинг айтишича, аҳволи оғирлиги учун жияни ҳамроҳлигида сафарга чиқишга мажбур бўлган.

«Умумий харажатимиз 9 минг АҚШ долларига айланди. Бориш-келиш авиачиптаси, бир ҳафта меҳмонхонада туриш киши бошига тахминан 1 минг АҚШ долларидан тўғри келди. Меҳмонхона кунига 40 АҚШ доллари атрофида. Баъзи беморларнинг соғлиғи операция учун тайёр бўлмаса бир ойгача меҳмонхонада яшаб кутишига тўғри келади ва оқибатда еб-ичиш ҳамда бошқа кутилмаган харажатлар ҳисобига сафар жуда қимматга тушиб кетиши мумкин», — дейди у.

Норматов Наманганда очиладиган шифохонада ҳинд жарроҳлари келиб ишлашини жуда яхши янгилик, деб айтди. Чунки Ҳиндистонга бориб даволанишга кетадиган харажат 30-40 фоизга қисқаради, бу эса беморларнинг соғлиғи ва узоқ сафарга чиқиш имконияти бўлмаганлар учун анча ёрдам бўлади, деб таъкидлади йўл азобини ўз бошидан ўтказган бемор.

Митеш Верманинг сўзларига кўра, лойиҳанинг иккинчи босқичида шифохона қошида Марказий Осиёда ягона бўлган энг замонавий ўсма касалликларини аниқловчи бўлим фаолияти ҳам йўлга қўйилади. Унинг фикрича, бу Ўзбекистон учун ҳам жуда яхши, мамлакатга тиббиёт мақсадида келадиган сайёҳлар сони кўпаяди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид