Ўзбекистон | 21:10 / 28.06.2019
9573
2 дақиқада ўқилади

Президент Яшнободдаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини бориб кўрди

Яшнобод туманида Жанубий Кореянинг Иқтисодий ривожлантириш ва ҳамкорлик фонди билан биргаликда барпо этилаётган ушбу марказ 4 қаватли 4та блокдан иборат бўлади. Унга 42 миллион долларликдан зиёд энг замонавий ускуналар ўрнатилади. Бу болалар касалликларига 100 фоиз диагностика қўйиш ва даволаш имконини беради

Давлатимиз раҳбари мазкур тиббиёт маркази қурилишини бориб кўрди.

- Диагностика тўғри бўлмагани, шифокорлар малакаси етишмагани туфайли бемор болалар, уларнинг ота-оналари кўп қийналарди, оғирроқ касал бўлса, соғлиги нуқсонли бўлиб ҳам қоларди. Бу марказнинг энг муҳим томони шундаки, у мамлакатимиздаги ҳамма муассасалар учун базавий бўлади. Телемедицина орқали узоқ ҳудудларимиздаги болаларга ҳам ёрдам кўрсатилади, - деди Президент.
 
Шавкат Мирзиёев кадрлар тайёрлаш масаласига катта эътибор бериш кераклигини таъкидлади. Бу борада ҳам Жанубий Корея билан ҳамкорлик қилинмоқда. Пусан университетида 19 нафар шифокор малака ошириб келди. Яна кўплаб шифокор, ҳамшира ва ахборот технологиялари бўйича мутахассислар малака оширишга юборилади.

Ушбу муассаса ёнида Жанубий Корея билан ҳамкорликда катталар учун ҳам кўп тармоқли тиббиёт марказини қуриш режалаштирилган. 300 ўринга мўлжалланган бу шифохонада кардиохирургия, нейрохирургия, эндоваскуляр хирургия, ангионеврология ва ортопедия бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ерда йилига 8 мингдан ортиқ юқори технологик операцияларни ўтказиш имконияти яратилади.

Мавзуга оид