22:24 / 28.06.2019
14926

ҚҚС фермерга зарар эмас – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Фото: Виталий Тимкив

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик мутасаддилари пахтага қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) жорий этилиши бўйича муносабат билдирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«ҚҚС жорий қилинишидан олдин Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан ташқари ҳам бир қанча тегишли ташкилотларнинг хулосалари олинган.

Пахта ҚҚСга тортилишидан олдин ҳам унинг парвариши билан боғлиқ бўлган турли керакли маҳсулотлар: минерал ўғит, ёқилғи, турли хизматлар ҳам қўшимча қиймат солиғи билан етказиб берилган. Ва шундан келиб чиққан ҳолда давлат харидида пахта белгиланган ва бозордаги талаб ва таклиф мос равишда нархланган. ҚҚС жорий қилингандан кейин давлат нарх сиёсатини қайта қўриб чиқади. Фермерлар зарар кўрмайди.

ҚҚСнинг жорий этилиши, аксинча, қайта ишловчи корхоналарга енгиллик яратади. Улар энди ўз маҳсулотини ҚҚС шаклланган ҳолда сотиб олади»,  —  дея маълумот берди мутахассислар.

Бундан ташқари, анжуманда таъкидланишича, қишлоқ хўжалигида нархни бозор принциплари асосида белгилаш бошланган. Энди фермер хўжаликларининг ўзи давлатга маҳсулот топшириши учун кўнгилли бўлмоқда. Агар ҳосилдорлик 40 центнердан юқори бўлса, давлат маҳсулотнинг нархини оширади, 30 центнер ва ундан паст бўлса, бунинг тескариси. Ушбу усул билан фермерларнинг яхшироқ меҳнат қилишга рағбатлантирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб ҚҚС тўлашга ўтишади. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади. 

Пахта хом-ашёсини қайта ишлаб, ундан маҳсулот тайёрловчи корхоналар пахта хариди давомида ҚҚСни инобатга олиш имкониятига эга бўлмагани учун ҳар 1 кг. пахтадан тахминан 343 сўм зиён қилишаётганди. Айнан пахта кластерлари жорий йилда 23 миллион долларга тенг айланма маблағга эга бўлиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб ҚҚС тўлашга ўтиши пахта толаси 1 тоннаси учун таннархнинг 12,2 миллион сўмдан 11,5 миллион сўмга (6 фоиз)  арзонлашига имкон беради. Пахтанинг 1 кг харид нархи эса 4500 сўмгача ошиши мумкин.

Top