Жамият | 23:56 / 29.06.2019
20531
3 дақиқада ўқилади

Лутфий кўчасида барпо этилаётган хиёбонда самолёт пайдо бўлади

Фото: Родион Платонов / Коммерсантъ

Тошкент шаҳрининг айрим туманларида барпо этилаётган хиёбонларни бошқариш учун давлат унитар корхонаси ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шаҳар туманларида барпо этилаётган хиёбонлар сони ортиб бораётгани эътиборга олинса, шундай қилиш самарали бошқариш имконини беради. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ОАВ вакиллари билан учрашувда шундай фикрни билдирди.

«Олмазор тумани Қичқириқ канали бўйида, мана ҳозир, Учтепа тумани Лутфий кўчасида бажарилаётган ишлар бюджет маблағлари ҳисобидан эмас, ҳомийлар ёрдамида бўляпти. Бизларнинг мақсадимиз, ҳар бир туманда шунга ўхшаш кўчаларни тартибга солиб, хиёбонлар барпо этиш орқали шаҳар марказида бўлаётган фестиваллар, кўнгилочар тадбирларни, югуриш мусобақалари ва велопойгаларни шаҳар марказларида эмас, туманларда ташкиллаштириш. 

Чунки, туман аҳолиси ҳам ўз ҳудудларида кўнгилочар боғлар, истироҳат парклари бўлишига ҳақли. Шундан келиб чиқиб, Учтепада Лутфий кўчасининг охиридаги трамвай сўнгги бекатининг майдони бир тадбиркорга кўп қаватли тураржойлар қуриш учун берилган экан, уни бекор қилдик. 1,5 гектарлик майдонда жуда катта парк пайдо бўлади. Президентимиз рухсати билан, катта эски самолётлардан бири чиройли қилиб қўйилади. Ичида болалар учун кинотеатр бўлади. Ҳар бир туманда шунга ўхшаш мавзули боғлар, хиёбонлар ташкил қиляпмиз», - деди Ортиқхўжаев. 

Шаҳар ҳокими, шунингдек, пойтахтнинг марказий ҳудудларида меҳмонхона ва офис бинолари танқислигини эътироф этар экан, марказда истироҳат боғлари керагидан ортиқчалиги, шу боисдан ҳам, эндиликда, марказдаги бўш жойларда офислар ва меҳмонхоналар қуриш бўйича инвесторларни жалб қилиш масаласи турганини билдирди. 

«Марказда 1,5-2 км майдонда қанча парк бор. Лекин, марказдаги муаммоларимиз офис бинолари етишмаслигида. Меҳмонхоналар етишмаслиги. Биз марказий ҳудудларни фақат парклардан иборат қила олмаймиз. Мана хорижлик инвесторлар келяпти, пул тикяпти, лекин уларнинг ишлашига жой йўқ. А тоифасидаги офис бинолари танқис», - деди Ортиқхўжаев.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид