Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳужжатларим шифтгача уюлиб кетди». Касбилик тадбиркор аёл бир йилдан буён боғча очолмай ҳалак
Тадбиркор бўлиб, бир ишнинг бошини тутиб, тўрт-беш кишини ишли қилиш – бугунги кундаги энг долзарб масала ҳисобланади. Шу боисдан ҳам давлат раҳбари тадбиркорликни янада ривожлантириш ва бу орқали мамлакат иқтисодини кучайтириш, аҳоли фаровонлигини оширишга юқори даражада эътибор қаратмоқда. Юқорида таъкидлаганимиздек, тадбиркорлик осон иш эмас. Чунки айрим ҳолларда тадбиркор ортиқча тўсиқларга дуч келади, унинг режалари амалга ошиши у ёки бу сабабларга кўра чўзилиб кетади. Худди ана шундай сарсонгарчилик Қашқадарё вилояти, Касби туманида фаолият юритувчи тадбиркор аёл Адиба Нурқулова билан юзага келган.
Тадбиркор 2018 йилнинг апрель ойидан бери боғча очиш учун ҳаракат қилиб юрибди. Аммо шу бугунга қадар ҳеч бир натижага эриша олгани йўқ. Бунга нима сабаб бўляпти экан?

Адиба Нурқулова Президентнинг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021 йилларда Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2018 йилнинг 12 апрелида тадбиркорлик фаолиятини бошлайди. Тадбиркорнинг мақсади ўзи яшаб турган ҳудудда болалар боғчасини очиш эди.
Шу мақсадда 2018 йилнинг 9 август куни «NILU ZIYO» номи билан НМТМ йўналиши бўйича Давлат хизматлари рўйхатидан ўтади ва «Агробанк»нинг Касби тумани филиалидан ҳисоб-рақам очади.

«Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида»ги Низомга асосан Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси нодавлат мактабгача таълим муассаса бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, янги ташкил бўладиган, 120 ўринга мўлжалланган МТМ лойиҳа сметасини тузади. Аммо Қашқадарё вилояти НМТМ раҳбарияти тадбиркорга боғча биноси ўз номида бўлиши зарурлигини айтишади. Шундан сўнг аёл қишлоқ марказида жойлашган фермер хўжалиги ҳисобида бўлган, вақтинча фойдаланилмай турган меҳмонхона биносини сотиб олади. Бу ишлар яхшигина маблағ талаб этарди, шу боис тадбиркор каттагина сумма қарз кўтаради. Бироқ югур-югурлар шу билан тугаб қолмайди.

«Касби тумани МТМ бўлимига турли ташкилотлардан «Техник шарт», маълумотнома ва хулосаларни олиб бориб бердим. Улар мендан янги қарор бўйича тайёрлаб келишимни сўрашди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 944-сонли қарорига асосан барча ҳужжатларни қайтадан янгиладим. Ташкилотлардан олинган техник шарт ва хулосаларни 4-5 мартадан қайта янгиладим. Барча сўралган ҳужжатларни Қашқадарё вилоят МТМ бошқармасига ва Касби тумани бўлимига тайёрлаб бердим. Аммо шундай бўлса-да, ишим ижобий томонга ҳал бўлмаяпти. Тўплаган ҳужжатларим шифтгача уюлиб кетди. 2018 йилнинг апрель ойидан бошлаб югур-югурларим ҳамон тинмаяпти. Қашқадарё вилояти МТМ бошқармаси ДХШ бўлим бошлиғи Дилшод Азимовга учрашсам, «Қашқадарёнинг навбати келса, Тошкентда кўриб чиқилади лойиҳангиз» дейди. Кейин ҳужжатларимдан камчилик топиш бошланади. Сўнгги марта ҳам 120та эмас, 100 ўринга мўлжалланг дейишди. Бу учинчи бор лойиҳа қилишим. Мени ҳеч ким тинглашни истамаяпти. Ишларим бесамар қолмоқда. Умидсизлик ва тушкунликка тушиб қолдим...», дейди тадбиркор.
Адиба Нурқулованинг таъкидлашича, у Қашқадарё вилояти МТМ бошқармаси НМТМ (нодавлат мактабгача таълим муассасаси) бўлим ходимига бориб учрашади. Ходим унга «Вазирлик 944-сонли қарорни кўрмаяпти, фақат уй боғчасини кўришяпти», деган жавобни беради.
«Ҳар сафар тўплаган ҳужжатларимдан камчилик топиб қайтаришдан бошқа ҳеч қандай «амалий ёрдам» беришмаяпти. Бу орада қанчадан қанча харажатга тушдим, асабларим қаттиқ чарчади. Улар сўраган бир ҳужжатни қийналиб тайёрласам, иккинчиси эскирди, деб баҳона қилишади. Бу сарсонгарчиликнинг охири борми? Шаҳрисабз шаҳрида ўтган вилоят ҳокимининг сайёр қабулида ҳам мана шу муаммони кўтариб чиққандим, аммо ҳеч нарса ўзгармади», – дейди тадбиркор аёл.
Унинг таъкидлашича, бу соҳага яхши тушунади. Маълумоти олий, Қарши давлат Университетининг касбий таълим факультетини тамомлаган. Бугунги қадар маҳалласидаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ёшлар иттифоқи Бошланғич ташкилоти етакчиси лавозимида фаолият юритмоқда. Муаммоси юзасидан юқори турувчи бир нечта ташкилотга қилган мурожаати самарасиз қолмоқда.
Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, у ташкил этмоқчи бўлган боғчада 5та гуруҳ ташкил этилиши мўлжалланган. Унда:
- 5 нафар олий маълумотли тарбиячи;
- 5 нафар тарбиячи энага;
- 1 нафар мусиқа ўқитувчиси;
- 1 нафар рус тили ўқитувчиси;
- 1 нафар инглиз тили ўқитувчиси;
- 1 нафар ҳамшира;
- 2 нафар ошпаз;
- 2 нафар орастабон;
- 1 нафар бош ҳисобчи ишлаши режалаштирилган. Лойиҳада 20 кишилик иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Тадбиркор яшаётган Касби тумани, «Боғариқ» МФЙ, Денов қишлоғи ҳудудида 12 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Адиба Нурқулованинг мақсадларидан бири ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмакчи бўлиш, уларни қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, ҳудуддаги ёш хотин-қизлар турмушини янада яхшилаш, бир сўз билан айтганда, ўз ҳудудини обод қилиш.

Ҳар бир муаммо вазирликка бориб тақалаверса, унда ҳудудлардаги бошқармалар нега фаолият юритяпти, фуқаро муаммоси жойида ҳал этилмайдими, деган ҳақли савол ўртага чиқади. Ўйлаймизки, бу ишларга масъул ташкилотлар тадбиркор аёл муаммосига бефарқ қарашмайди ва Адиба Нурқулованинг муаммосини қонун доирасида ижобий ечиб беришади.
Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири