Ўзбекистонда ўлим жазосини тиклаш керакми? Эксперт фикри
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ўлим жазоси қўлланиши жиноятчилик камайишига олиб келиши ҳақида муҳокамалар авж ола бошлади. «Buyuk kelajak» ХННТ эксперти Бахшилло Хўжаев бу баҳслар юзасидан фикрларини билдирди.
Аслида, ўлим жазосининг бор ёки йўқлиги жиноятчилик даражасига жиддий таъсир кўрсатмайди. Зеро, Чезаре Беккариа айтганидек, «жиноятчилик олдини олишда жазонинг шафқатсизлиги эмас, балки унинг муқаррарлиги кўпроқ аҳамиятга эга». Бу аксиома айни ҳақиқатдир. Қолаверса, ўлим жазоси ҳақида гапирганда унинг нафақат ҳуқуқий томонини, балки ижтимоий, ахлоқий ва психологик жиҳатларини ҳам эътиборга олиш лозим.
Инсон ҳаёти олий қадрият, ўлим жазосини қўлламаслик эса инсонпарварлик белгисидир
Инсонпарварлик ғоялари азалдан халқимизда улкан қадрият сифатида улуғланганини бобокалонимиз Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида келтирилган қуйидаги парчадан билиб олишимиз мумкин: «...ёмонга жазо бериш — гарчи қонун ва сиёсат юзасидан тўғри бўлса ҳам, аммо адолатли ҳукмдорнинг асл йўли — шафқат-мурувватдир. Бир шахс ўлимга қанчалик сазовор бўлса ҳам, унинг ўлимини орқага суриш, бу ҳақда шошмаслик яхши...»
Шундай жиддий асослар бўла туриб нега биз ўлим жазосини қўллаш билан боғлиқ далилларни асоссиз миш-мишлардан қидиришимиз керак? Наҳотки, бизнинг билимсизлигимиз шу даражага етди!?
Бу борада мушоҳада учун рус адабиётшуноси ва таниқли журналист Н.С.Лесковнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтишни лозим деб топдик: «Инсон ҳаёти – ўн саккиз минг оламни яратган холиқнинг улуғ марҳамати намойишидир. Уни муносиб яшаб ўтиш, сермазмун ва самарали умргузаронлик қилиш ҳар бир инсонга, қолаверса, бутун жамият зиммасига улкан масъулият юклайди». Шундай экан, бутун жамият масъул бўлган ишга ижтимоий тармоқларда 2-3 кишининг ўйламай ёзган муҳокамасига қўшилишимиз жоизми?! Ахир, ўлим жазоси жаҳолат билан берилади-ку, жаҳолатни эса жаҳолат билан енгиб бўлмайди.
Ўлим жазоси бекор қилингани цивилизациялашган демократик давлатнинг белгисидир
Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилингани мамлакатимизда умуминсоний тамойиллар устуворлиги ва халқаро андозалар амалга жорий этилганидан дарак беради. Бинобарин, Конституциямизнинг 13-моддасида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Қолаверса, Ўзбекистон қўшилган биринчи халқаро ҳужжат - Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3-моддасида «Ҳар бир инсон яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгадир» дейилган. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 6-моддасида эса «Ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи унинг ажралмас ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ қонун билан муҳофаза этилади. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан инсонни яшаш ҳуқуқидан маҳрум қила олмайди», деб таъкидланган.
Шунингдек, мазкур халқаро ҳужжатнинг БМТ Бош Ассамблеяси 1989 йил 15 декабрида қабул қилган ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган иккинчи Факультатив баённомаси барча ҳукуматларни ўлим жазосини бекор қилишга чорлайди.
Шундай экан, жиноят ва жазони ҳал этиш масаласида инсон ҳаёти устувор бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам жиноят содир этган шахсни жазолашдан кўзланган мақсад жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш эмас, балки уни тарбиялаш эканлиги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида бежиз белгиланмаган. Бошқача айтганда, яшаш ҳуқуқи инсоннинг барча ҳуқуқ ва эркинликларининг пойдеворини, дастлабки асосини ташкил этади. У дунё цивилизациясининг мутлақ қадриятидир.
Бу борада, машҳур француз адиби Виктор Гюгонинг парламент мажлисида ўлим жазоси ҳақида сўзлаган нутқидан ҳавола келтиришни лозим деб топдик: «Ўлим жазоси ваҳшийликка хос абадий белги, қаерда ўлим жазоси хуруж қилса, у ерда ваҳшийлик ҳукм суради, ўлим жазоси бор жойда камдан-кам ҳолларда цивилизация ривож топади».
Демак, цивилизациялашган давлатда ўлим жазоси ҳақида гапиришдан олдин пухта ва обдон ўйлаб кўриш керак. Нега ҳануз тушунмаяпмиз!? Ўлим жазосини кенг жорий қилиш варварликдан бошқа нарса эмас, ахир биз цивилизациялашган демократик давлатда яшаяпмизку?
Жаҳон ҳамжамияти ҳам ўлим жазосини маъқулламайди
Статистик маълумотларга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган 193 давлатдан 169тасида ўлим жазоси қўлланмайди. 24та давлат қонунчилигида ўлим жазоси формал мавжуд бўлса-да, лекин охирги 10 йил давомида уни қўллаш амалиёти тўхтатиб қўйилган. Бундай давлатларнинг аксарияти ўлим жазосини Иккинчи жаҳон урушидан кейин қонунчилигига киритгани аниқланган.
Ўлим жазосини бекор қилган давлатлар ичидан атиги 4 давлат (Непал, Филипин, Гамбия, Папуа-Янги Гвинея) ўз қонунларида ўлим жазосини тиклаган. Бироқ, Непал ҳозирги кунда ушбу жазони яна бекор қилди, Филиппин эса жазони ижро этишни тўхтатиб қўйди, қолган икки давлат Гамбия ҳамда Папуа-Янги Гвинеяда ўлим жазоси қайд қилинмаган. Хўш, нега ўлим жазосини тиклаган оз сонли давлатлар бундай жазони қайта бекор қилмоқда ёки унинг ижросини тўхтатиб қўймоқда? Бу борада биргина Филиппиннинг тажрибасини кўриб чиқиш етарли ҳисобланади. Филиппинда ўлим жазоси гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш мақсадида қайта тикланган. Филиппин ҳукумати берган маълумотларга кўра, 2016 йил 1 июлидан 2018 йил 30 ноябрига қадар гиёҳванд моддалар савдосига қарши ўтказилган амалиётларда 5050 киши қатл қилинган. Human Rights Watch ташкилоти бу рақам камида 12000 нафарга тенг эканини таъкидлайди. Филиппин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг қайд этишича, ўн йилдан бери наркотрафикка алоқадор жиноятлар учун олий жазо тайинлаб келинаётган бўлса ҳам, ўлим жазоси гиёҳванд моддалар савдогарларини мутлақо қўрқувга солмаяпти. Harm Reduction International тадқиқот гуруҳи таҳлилчиси Жиада Жиреллининг таъкидлашича, «мазкур жиноят учун қатл этилганларнинг аксарияти курьер, яъни ташувчи ҳисобланади. Гиёҳванд моддалар савдосидаги курьерларни осонгина алмаштириш мумкин. Уларни йўқ қилиш наркобизнес моделига ҳеч қандай жиддий таъсир кўрсатмайди». Яъни Филлипинда ўлим жазосининг қайта тикланиши гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар камайишига ёрдам бермади, аксинча жиноятчилик сони ўсиб, қатл этилган инсонлар сони кўпайди. Бундай ҳолатни Малайзия, Вьетнам ва Эронда ҳам кузатиш мумкин. Бу давлатларда ҳар йили ўнлаб қатллар амалга оширилади, лекин гиёҳванд моддаларга берилиб қолган инсонлар сони наркотрафик учун ўлим жазосини бекор қилган давлатлардагидан анча кўпдир. Шунинг учун ҳам БМТнинг наркотик ва жиноятчиликка қарши бошқармаси (UNODC) ҳар қандай ҳолатда ҳам олий жазога қарши эканини маълум қилади.
Ўлим жазоси коррупция олдини олишга ҳам ёрдам бермайди
Ўлим жазоси белгиланган давлатларда коррупция ҳолати камаймаган, аксинча, ўлим жазоси қўлланмаган давлатлар коррупцияга қарши курашишда ижобий кўрсаткичларга эришганини кўришимиз мумкин. Масалан, коррупция учун ўлим жазоси белгиланган Хитойда коррупция ҳолатлари кўпайиб, Transparency International халқаро индекси бўйича Хитой 2018 йилда дунёда 167 давлатдан 39-ўринни эгаллаган. Мазкур кўрсаткич коррупцияга қарши курашишда жазонинг оғирлиги ёрдам берма олмаслигини ифодалайди. Аксинча, коррупцияга қарши курашишда дунё рейтингида юқори ўринни эгаллаган Финляндия ва Дания давлатларида ўлим жазоси мавжуд бўлмаса-да, коррупция кўрсаткичлари жуда паст.
Ўлим жазосини қўллаётган давлатлардаги ҳолат
Ҳозирги вақтда ўлим жазоси АҚШнинг 38та штатида қўллаб келинмоқда. Бироқ, шунга қарамасдан сўнгги 30-40 йил ичида АҚШда жиноятчилик 7-8 баробар ўсган. Қолаверса, АҚШда ноҳақ ўлим жазоси тайинлаш ва ижро қилиш ҳоллари ҳам оз эмас. Хусусан, 1900-1985 йилларда ўлим жазоси 350 нафар айбсиз шахсга нисбатан ижро этилгани расман тан олинган. Кейинги ўттиз йил мобайнида бу жазога маҳкум этилганлардан 121 нафарининг айбсизлиги аниқланиб, ўлим камераларидан озод қилинган. 23 нафар шахснинг ўлим жазоси ижро этилишига бир қанча дақиқа қолгандагина айбсизлиги аниқланган ва ижро тўхтатилган.
АҚШдаги мазкур ҳолат ўлим жазоси жиноятчиликка жиддий таъсир кўрсата олмаслигини тасдиқлайди. АҚШ Миллий фанлар академияси ҳам мазкур фактни тан олиб, ўлим жазосини жиноятчилик аҳволига боғлаш асоссизлиги тўғрисидаги хулосага келган. Нью-Йорк университети Ҳуқуқ мактабидаги Бреннан одил судлов маркази тадқиқоти натижаси хулосасига кўра, «ўлим жазоси мавжудлиги жиноятчилик даражасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди».
Бундан ташқари, ҳатто замонавий юридик ва криминалистик имкониятлар ҳам суд хатосининг бўлмаслигига кафолат бера олмайди, ўлим жазоси сақланиб қолар экан, айбсиз одамни қатл қилиш эҳтимоли ҳам мавжуд бўлаверади. Масалан, Колумбия университетининг бир гуруҳ олимлари томонидан ўтказилган ўлим жазосига оид изланишлар шуни кўрсатадики, 1973-1995 йиллар оралиғида дунёнинг ўнлаб давлатларида чиқарилган 71 фоиз ҳукмлар кейинчалик қайта кўрилган ва уларнинг 95 фоизида судланувчи оқланган ёки ўлим жазоси енгилроқ жазога алмаштирилган. Ўлимга маҳкум қилинган ҳеч қандай шахсни ҳаётга қайтаришнинг иложи йўқ, аммо ҳаётда бундан олдин ҳам, ҳозирда ҳам, кейинчалик ҳам судлар хатоликка йўл қўйишлари мумкин ва афсуски, ушбу хатоликни тузатишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Қолаверса, мазкур жазо бошқа жазолар каби маҳкумнинг ахлоқан тузалишига ва ўз хатоларини англаб етиб, тавба қилишига имконият бермайди.
Ўлим жазоси тарафдорларининг важлари асоссиз ва эскилик сарқитидан бошқа нарса эмас
Ўлим жазоси тарафдорлари қарашларининг остида қасос олиш ҳисси ётади. Ҳиссиётга берилган бундай шахсларнинг важлари асосан «жонга – жон, қонга – қон» қадимий одат қоидаларидаги ваҳшиёна ўч олиш истаги билан боғлиқ. Мутахассислар фикрига кўра, бундай ҳиссиётларнинг манбаси цивилизациядан олдинги даврга бориб тақалади. Дастлабки ибтидоий жамоа даврида одамлар ўртасида қасос олиш одати пайдо бўлган бўлса, оила институтининг пайдо бўлиши ушбу функциянинг оилага ўтишига олиб келди. Кейинчалик илк давлат пайдо бўлган даврларда ўлим жазоси фақат давлат томонидан қўллана бошланди. Афсуски, ўша вақтда ҳам «жонга – жон, қонга – қон» одатлари ҳали-ҳамон сақланиб қолган эди. XIX асрга келиб, мазкур ваҳшиёна одатлар на одамларга ва на давлат сиёсатига ёрдам бера олмаслиги тан олинди. Бироқ, шунга қарамасдан ўлим жазоси айрим шахсий манфаатлари йўлида давлат номидан қўлланганини шўролар даври мисолида кўришимиз мумкин.
Собиқ иттифоқ даврини эслайлик. Қатағон йилларидаги халқимизнинг бошдан кечирган оғир кунларини унутдикми? Яъни, шўролар даврида суд ҳукми ва маъмурий тузилмаларнинг қарорлари, ҳатто олий раҳбариятнинг «розилиги» билан 800 мингга яқин ҳур фикрли шахслар «аксилинқилобий» жиноятларда айбланиб, отиб ташлангани нафақат Ўзбекистон, балки инсон тарихидаги аянчли фожиалар сифатида муҳрланиб қолди.
Бизнингча, айнан ўша эскилик сарқити бўлса керак, ҳозирги кунда баъзи одамлар «бировни ўлдирган одамларга фақат ўлим жазоси берилиши керак», деб ғазабланадилар. Ваҳоланки, шахсни ҳаётидан маҳрум қилишдек ўта мураккаб масалани асло ҳиссиёт заминида ҳал этиш ярамайди. Немис олими Гетцель ўлим жазосига оид маълумотлар асосида бу жазо адолатсизлик тимсоли ва ноақлликдан иборат ваҳшийликдир, деган хулосага келган.
Афсуски, ўлим жазоси тарафдорлари кўпроқ ҳиссиётга бериладилар ва юқоридаги ҳаётий ва мантиқий фикр-мулоҳазаларни инкор этишга арзигудек важ келтирмайдилар. Бундай тоифадаги одамлар оддий ҳақиқатни, яъни жиноятчини ҳаётидан маҳрум этмасдан, маданий, инсонпарварлик тамойилига асосланган ва одил йўллар билан ҳам жазолаш мумкинлигини ҳеч ҳам ўйлаб кўрмайдиларми!?.
Хулоса ўрнида
Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилингани инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилларининг, халқаро ҳуқуқ меъёрлари умумэътироф этилган принципларининг бажарилиши ифодасидир.
Қолаверса, ўлим жазоси халқимизга хос кечиримлилик фазилатига ёт тушунчадир. Ҳеч бўлмаганда, ўлим жазосини белгилаш билан боғлиқ далиллар тўплашни бас қилишимиз керак. Ундан кўра, жамиятимиз учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган таълим, фарзандларимиз тарбияси, ёшларимиз ҳуқуқий онгини юксалтириш масалалари устида бош қотирсак ўз вақтимизни ижтимоий фойдали масалага сарфлаган бўлар эдик.
Сўров
Kun.uz’нинг телеграмдаги «Сизнинг фикрингиз» каналида шу мавзуда сўровнома ўтказилди. Респондентлардан ўлим жазоси жорий этилиши Ўзбекистонда коррупция даражасини нечоғлик камайтириши ҳақида жавоб сўралган. Сўровда 3800дан ортиқ киши иштирок этган.
Сўралганларнинг 35 фоизи ўлим жазоси коррупция даражасини камайтиради деб ҳисоблаган. Уларнинг 20 фоизи бу жазо жорий этилса, одамлар пора олишни тўхтатишади, деган фикрда. 8 фоиз киши бу жазо туфайли ҳамма ҳаёти ҳақида ўйлаб кўради, деб ўйлади, 7 фоиз киши эса бу услуб жуда яхши самара беради, деб ҳисоблайди.
Шу билан биргаликда, сўровномада қатнашганларнинг 62 фоизи ўлим жазоси жорий этилишига қаршиликларини ифодалашган. Уларнинг 32 фоизи ўлим жазоси ўрнига шароитлар ва маошларни яхшилаш зарурлигини билдиришган. 22 фоиз киши бу ҳолатда бегуноҳ кишилар ҳам қатл қилиниши мумкинлигини кўрсатишган.
Ўлим жазосига қаршиларнинг 8 фоизи айбланувчилар жазодан қутилиш учун судьяларга каттароқ миқдордаги поралар таклиф этишга ўтиши, судьялар ҳам «нарх»ни ошириши мумкин, деб ҳисоблашган.
Мавзуга оид
22:30 / 25.10.2024
Хитойда 17 болани ўғирлаб сотган аёл ўлим жазосига ҳукм қилинди
17:18 / 11.10.2024
Хитой Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари пора олгани учун ўлимга ҳукм қилинди
19:43 / 29.09.2024
Саудия Арабистонида 2024 йилда қанча инсон қатл этилгани маълум бўлди
14:06 / 26.09.2024