Жаҳон | 08:38
530
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда дунё бўйича 2700 дан ортиқ киши қатл этилди

Халқаро Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, 2025 йилда дунё бўйича камида 2707 нафар инсон ўлим жазосига ҳукм қилиниб, қатл этилган. Бу 2024 йилда қайд этилган 1518 та ҳолатга нисбатан 78 фоизга кўпдир.

Фото: AP

Ташкилотнинг 18 май куни эълон қилинган йиллик ҳисоботида таъкидланишича, бу — 1981 йилдан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ўша йили Хитой ҳисобга олинмаган ҳолда 3191 та қатл қайд этилган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, айрим давлатлар ўлим жазосини “қаттиқ жиноятчиликка қарши кураш” ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш воситаси сифатида қўллаб, уни давлат назоратини кучайтириш ва сиёсий манфаатлар учун ишлатмоқда.

Ҳисоботда қайд этилишича, реал рақамлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Чунки Хитойда минглаб одамлар қатл этилгани тахмин қилинса-да, бу ҳақда расмий маълумотлар очиқланмайди. Amnesty International Хитойни ўлим жазолари бўйича дунёдаги энг йирик давлат деб ҳисоблайди.

Ташкилот, шунингдек, Шимолий Корея ва Вьетнамдаги қатллар бўйича ҳам ишончли маълумот тўплай олмаган.

2025 йилда энг кўп ўлим жазоси Эронда қайд этилди. Мамлакатда камида 2159 киши қатл қилинган бўлиб, бу 2024 йилдаги 972 та ҳолатдан икки баравардан ортиқдир. Бу рақам дунё бўйича қайд этилган қатлларнинг қарийб 80 фоизини ташкил этади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Эрон ҳукумати кўп ҳолларда адолатсиз суд жараёнларидан кейин аҳолида қўрқув уйғотиш мақсадида ўлим жазосини қўлламоқда.

АҚШ эса кетма-кет 17 йил давомида Америка қитъасида ўлим жазоси қўлланган ягона давлат бўлиб қолмоқда. 2025 йилда мамлакатда 47 та қатл амалга оширилган. Бу 2024 йилдаги 25 та ҳолатдан деярли икки баравар кўпдир.

Ҳисоботга кўра, Беларусда 2025 йилда бирор марта ҳам ўлим жазоси ёки уни ижро этиш ҳолати қайд этилмаган. Бу Александр Лукашенко ҳокимиятга келган 1994 йилдан буён биринчи бор кузатилмоқда.

Қирғизистон Конституциявий суди эса президент Садир Жапаровнинг ўлим жазосини қайта тиклаш таклифини инсоннинг яшаш ҳуқуқига зид деб топган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид