Жаҳон | 08:48 / 30.06.2019
28787
3 дақиқада ўқилади

Пекинда дунёдаги энг катта аэропорт қурилиши якунланди

Фото: Getty Images

Хитой пойтахти Пекинда дунёдаги энг катта аэропорт “Дасин” қурилиши якунланди.

Таъкидланишича, “Дасин” нафақат аэропорт, балки Хитойдаги энг катта транспорт хаби ҳисобланади. Унинг қурилишига 400 млрд юан (60 млрд доллар) сарфланган.  

“Олтин қақнус” кўринишидаги ягона терминал ва миллион квадрат метр майдонга эга аэропорт Хитой ташкил топганининг 70 йиллиги арафасида 30 сентябрда ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳани Хитой раиси Си Цзиньпин шахсан ўз назоратига олган. 

Фото: Facebook /BJRundschau

Аэропорт Пекин жанубида, марказдан 46 км узоқликда жойлашган. Уни қуришга асосий сабаб – дунёнинг энг юкланган аэропортларидан бири “Шоуду” халқаро аэропортини ортиқча юкламадан озод қилишга интилиш бўлган. Икки аэропорт ўртасидаги масофа 67 кмни ташкил қилади. Аэропорт пойдеворига тамал тоши 2014 йил 26 декабрда қўйилган, қурилиши эса 2016 йил 15 мартда бошланган.

Янги аэропортда 4 та учиш-қўниш йўлаги бўлади, у йилига 620 мингтагача рейсни қабул қила олади. Аэропорт лойиҳасида унинг ўтказиш қобилияти 2025 йилга келиб 72 млн кишини ташкил қилиши кўзда тутилган. 

Таъкидланишича, аэропортни лойиҳалашда йўловчиларга максимал қулай ва самарадор бўлиши учун барчаси “ипидан-игнасигача” ҳисобга олинган.

Фото: Facebook /BJRundschau

“Мисол учун, аэропортнинг илк икки қавати келиш рейслари ва юкни топшириш учун мўлжалланган: биринчиси – ички рейслар, иккинчиси эса халқаро рейслар учун. Мос равишда, 4-қават халқаро жўнаш рейслари, 3-қават эса ички жўнаш рейслари учун мўлжалланган”, дейилган хабарда.

Фото: Facebook /BJRundschau

Аэропорт томи ҳам дунёдаги энг катта пўлат том деб тан олинган, унинг майдони 25 та стандарт футбол майдонига тенг. Уни лойиҳалашда машҳур архитектор ва дизайнер Заҳа Ҳадид иштирок этган. Аэропорт яна битта рекорд ўрнатишга улгурди – у структуравий чокларсиз қурилган дунёдаги энг йирик алоҳида бино деб топилган.

 

Мавзуга оид