Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги версияси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Kun.uz мухбири Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси вакиллари билан боғланиб, янги таҳрирдаги кодекс версияси бўйича изоҳ сўради.

Таъкидланишича, ушбу лойиҳа жамоатчилик фикрини ўрганиш, хусусан солиқ маслаҳатчилари муносабатини тўплаш учун тақдим этилган бўлиб, якуний версиядаги кодекс лойиҳаси эмас. Асосий ўзгаришлар эса қуйида:

1. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ, умумий пул айланмаси 1 миллиард сўмга қадар бўлган тадбиркорлар учун солиқ тортишнинг соддалаштирилган режими сақланиб қолган.

2. Шунингдек, қатъи ўрнатилган миқдор бўйича солиқ тўловчилар йиллик умумий даромадлар декларацияси асосида солиқ тўлаш ҳуқуқига эга бўлди. Бунда қатъи ўрнатилган миқдорда тўлаш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда даромадларининг 12 фоизини (фарқли равишда) солиқ сифатида ҳисоблаши мумкин. Масалан, сартарош 350 минг сўм этиб белгиланган солиқни ҳар ойда тўлаши лозим. Лекин айрим ойларда унинг даромадлари 2,5 миллион сўмдан ошмади ва тушумнинг 500 минг сўм қисми турли профессионал эҳтиёжлар учун сарфланди. Сартарошнинг ҳақиқий даромади 2 миллион сўм бўлган тақдирда, у тўлдирган декларацияси асосида даромадининг 12 фоизини солиққа ўтказиши мумкин. Шунда сартарош 350 минг сўм эмас, 240 минг сўм тўлайди.

3. Солиқ тўловларини амалга ошириш бўйича муддатни кечиктириш тартиби ўзгармоқда. Кодекс лойиҳасида иккита янги инструмент назарда тутилган: пулли ва бепул муддатни узайтириш имконияти. Тўлов муддатини бепул кечиктириш алоҳида шарт ва вазиятда тақдим этилади. Масалан, табиий офат ва бошқа кутилмаган вазиятда тўловни амалга ошириш муддати бепул кечиктирилиши мумкин. Бошқа ҳолатлар бўйича тўлов қобилияти айни пайтда мавжуд бўлмаса, кейинроқ тўлаш ҳуқуқи берилади, аммо маълум фоиз эвазига. Бу муддатни кечиктириш механизми ишини анча шаффоф қилади.

Масалан, корхона банкротлик ёқасида туриб, бир вақтнинг ўзида солиқ мажбуриятини бажарганда молиявий қийинчиликларга дуч келса, тўловлар муддатини кечиктириши мумкин. Пулли имконият учун тўлов қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ўрнатилади.

4. Қарздорлик ва бошқа мажбуриятларни бажармаганлик учун келиб чиқадиган пеня миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасига боғланмоқда.

5. Янги таҳрирдаги кодексда солиқ имтиёзлари қисқартирилмоқда, бир-бирини такрорловчи алоҳида солиқ имтиёзлари умумлаштирилган. (Бу ҳақда батафсил маълум қилинади - таҳр.)