Жаҳон | 19:28 / 03.07.2019
18405
2 дақиқада ўқилади

Атамбоевнинг тарафдорлари ҳукумат ва махсус хизматларнинг истеъфосини талаб қилишди

Фото: sputnik.kg

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг тарафдорлари митинг ўтказиб, ҳукумат ва махсус хизматларнинг истеъфосини талаб қилишди.

РИА Новостининг хабар беришича, Бишкекда бўлиб ўтган митингда 600га яқин киши қатнашган.

"Биз ҳукумат ва давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қиламиз", - деган Қирғизистон социал-демократик партияси котибияти вакили Кундуз Жолдубаева.

Митинг иштирокчилари шунингдек, мухолифатчиларни сиёсий таъқиб қилишни тўхтатишни талаб қилишган.

"Биз президент Сооронбай Жээнбековга барча талабларимизни бажариш учун икки ой муҳлат берамиз", - деган Жолдубаева ва акс ҳолда бутун республика бўйлаб оммавий норозилик намойишлари ўтказилишини таъкидлаган.

Май ойида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков собиқ президентларни дахлсизликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, собиқ давлат раҳбари ваколати тугагач ёки ҳукуматдан четлаштирилганидан сўнг айрим ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Атамбоевга қарши айбловларни махсус депутатлар комиссияси илгари сурди.

Парламентчиларнинг фикрича, Атамбоев жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қонунга зид равишда озод этилиши, Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида ерларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши, даромадларни яшириш, Бишкек ИЭС модернизацияси бўйича коррупция иши ва унга ноқонуний тарзда кўмир етказиб берилишига алоқадор.

Мавзуга оид