Сенат: Сирдарёда боқимандалик кайфиятидаги айрим ер эгалари жамоатчилик орасида муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 27-29 июнь кунлари Сирдарё вилоятида ривожланиши орқада қолган ғўза майдонларида қўшимча агротехник тадбирларини ўтказиш ва биостимуляторлар билан озиқлантириш ишлари Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда ижро органлари ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, 73396 гектар ернинг ҳолати бевосита жойида ўрганилганда 22222 гектар (30 фоиз) ғўза майдонлари бузилиб қайтадан экилгани аниқланган. Оқолтин туманида бундай ерлар 8185 гектар (умумий ғўза майдонининг 11 фоизи), Мирзаобод туманида 3 580 гектар (4 фоизи) ва Сирдарё туманида 3015 гектар (4 фоизи)ни ташкил этгани маълум бўлди. Шунингдек, ўз вақтида экилмаганлиги ва суғорилмаганлиги натижасида 2209 гектар ғўза майдони ривожланиши орқада қолган. Бундай ҳолат асосан Сардоба (514 га) Сайхунобод (434 га), Оқолтин (367 га) ва Боёвут (317 га) туманларида юзага келган.
Мазкур майдонларни қолоқликдан чиқариш мақсадида сенаторлар, тегишли секторлар раҳбарлари, масъул корхона ва ташкилотлар вакиллари кўмагида бевосита жойида тезкор чоралар кўрилиб, қўшимча суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитлар ҳамда биостимуляторлар билан озиқлантириш ишлари ташкил қилинди.
Бегона ўт босган 846 гектар майдоннинг ҳар бир гектарига чопиқчилар жалб қилиниб, тозалаш ва қатор ораларини культиваторлар билан юмшатиш ишлари йўлга қўйилди.
Шунингдек, вилоятда суғориш ишларини амалга ошириш учун 278 та отряд ташкил этилиб, уларга сув хўжалиги ташкилотлари ва фермер хўжаликларидан 16980 дан зиёд сувчилар бириктирилди.
“Ўз навбатида, бу борада фермерларнинг масъулиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Экин майдонларидан самарасиз фойдаланган фермер хўжаликлари фаолияти кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилинди.
Имконияти бўла туриб, боқимандалик кайфиятидаги айрим ер эгалари жамоатчилик орасида муҳокама қилиниб, ердан самарасиз фойдалангани учун қонунчиликда белгиланган қатъий чоралар хусусида огоҳлантирилди”, - дейилади хабарда.
Ишчи гуруҳ томонидан вилоятнинг Сайхунобод ва Гулистон туманларида фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди ва уларни қийнаб келаётган муаммоларнинг аксарияти жойида бартараф этилди, дея якунланган маълумот.
Мавзуга оид
21:20 / 19.11.2024
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги узоқ кутилган қонун имзоланди. Соҳада нима ўзгаради?
15:02 / 19.11.2024
Ўзбекистон Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади
13:55 / 18.11.2024
Нидерландияда ўзбекистонлик мутахассислар учун малака ошириш курслари ташкил этилади
20:46 / 07.11.2024