Жамият | 20:45 / 04.07.2019
5761
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда 1,2 миллиондан ортиқ аҳолининг электр таъминоти яхшиланади

Ҳозирги замонда электр энергиясисиз кундалик турмушимизни, юртимиз иқтисодий ривожланишини тасаввур қилиш қийин. Биз учун жуда керакли бўлган маиший техникалар ҳам, иссиқ-совуқда ҳузурижон кондиционеру музлатгич ҳам электр энергия билан ишлаши хаммамизга кундек равшан. Бугун шиддат билан ривожланаётган даврни интернетсиз, телевизор-у,  қўл телефонларсиз тасаввур қилиш мумкинми? Албатта, йуқ.  Шу боис ҳам, бугун мамлакатимизда аҳолини сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

 Ана шу мақсадда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ юртимизнинг энг олис ҳудудлари бўйлаб, жойларда  электр таъминоти корхоналари томонидан олиб борилаётган ишларни ўрганиб, тизимдаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг қатор туманларида бўлди.

Ҳудудда  жами 349 минг 932 та истеъмолчи бўлиб, шундан 14 минг 173 та улгуржи ва 335 минг 759 та аҳоли истеъмолчиларини ташкил қилади. Табиийки, электр энергиясини аҳолига узлуксиз ва сифатли етказиб бериш учун электр тармоқларини тизимли равишда янгилаш ва реконструкция қилиб бориш керак бўлади.

— Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017 – 2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация ва янги қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра бу борада аниқ вазифалар белгилаб олинган,— дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. — Шу асосда Қорақалпоғистонда  паст кучланишли электр тармоқларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Айни пайтда 339,9 километр электр узатиш тармоқлари, 173 дан зиёд трансформатор пунктларини модернизациялаш ва алмаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Натижада, 72 та маҳаллада яшовчи 1,2 миллиондан ортиқ аҳолининг электр таъминоти яхшиланиб, узатиш ва тақсимлашда йуқотиладиган энергия 38,2 миллион кВт/соатгача қисқаради. Энг муҳими, авариявий ўчишларнинг олди олинади.

Шуниси эътиборлики, Қорақалпоғистоннинг кўпгина туман ҳокимликлари ҳам  маҳаллий бюджетларидан аҳолига электр энергиясини барқарор етказиш борасида ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Хусусан, Амударё тумани ҳокимлиги томонидан 10 та, Қўнғирод туманида 1 та, Мўйноқ туманида 3 та,   Тахтакўпир туманида 2 та ва Шуманай тумани 4 та трансформаторларни  олиб берилилиши ҳудудда  электр энергетикасининг ривожи учун муносиб ҳисса бўлиб хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, яна бир йирик лойиҳа – жорий йилнинг август ойидан Нукус шаҳрининг 65 мингдан зиёд ва Мўйноқ туманида 5200 га яқин аҳоли истеъмолчиларга электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари бошланади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид