Ўзбекистон | 23:18 / 05.07.2019
25549
11 дақиқада ўқилади

«Бир макон, бир йўл»: Ўзбекистон учун янги имкониятлар

2019 йил 25-27 апрель кунлари Пекинда "Бир макон, бир йўл" иккинчи халқаро форуми бўлиб ўтди. Хитой ташаббуси ўтган 5 йил давомида замонавий глобал ривожланиш кун тартибининг ажралмас қисмига айланди. У бугунги кунда Осиё, Европа ва Африканинг 4,4 млрд аҳолиси бўлган 60 дан ортиқ мамлакатини бирлаштиради. БМБЙнинг асосий мавзулари БМТ, G20, ОТИҲ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳужжатларига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси "Бир макон, бир йўл" ташаббусини аввал-бошданоқ қўллаб-қувватлади. Мамлакатнинг БМБЙга жалб этилиши барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш, бутун Марказий Осиёга ижобий таъсир кўрсата оладиган муҳим транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг устувор мақсадларига  эришиш нуқтаи назаридан муҳим саналади.

Тошкентнинг БМБЙ бўйича позицияси мамлакатимизнинг Пекин билан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича устувор йўналишлари билан бир қаторда бормоқда. Хитой Ўзбекистоннинг этакчи савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорларидан ҳисобланади. 2018 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошиб, 6,42 млрд долларга етди. Ўзбекистон ҳудудида Хитой сармояси иштирокида 1121 корхона фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда 344 корхона ташкил этилиб, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан 2 баробар кўпдир. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Хитой сармояларининг умумий қиймати 8 млрд доллардан ошади.

Президент Шавкат Мирзиёев БМБЙ форумининг иккинчи йиғилишидаги иштироки доирасида ХХР раиси Си Цзинпин ва Бутунхитой халқ вакиллари мажлиси доимий қўмитаси раиси Ли Чжаншу билан музокаралар ўтказди.

Си Цзиньпин  учрашувда таъкидлаганидек, Хитой Ўзбекистонни муҳим стратегик ҳамкор деб билади ва Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, умумий ривожланиш ва фаровонликка эришиш учун биргаликда ишлашга тайёр.

Хитой раҳбарининг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёевни "Бир макон, бир йўл" ташаббусининг асосчиларидан бири деб аташ мумкин, Ўзбекистоннинг БМБЙ форумидаги иштирокига эътибори эса икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражада эканлигини  кўрсатади.

Халқаро форумда сўзлаган нутқида Ўзбекистон президенти Марказий Осиёда ўзаро боғлиқликни кучайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал этиш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш, маданий-гуманитар ва туристик алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Улар нималардан иборат?

Биринчидан, Тошкент Марказий Осиёдаги транспорт салоҳиятини максимал даражада очиш ва "Хитой - Марказий Осиё - Ғарбий Осиё" иқтисодий йўлагини шакллантиришдан манфаатдор.

Шу маънода, "Ўзбекистон - Қирғизистон - Хитой" темир йўлининг қурилиши барча иштирокчиларга фойда келтиради: савдони фаоллаштиради, янги иш жойларини яратади, сайёҳларни жалб этади ва транзитдан даромад келтиради. Ушбу лойиҳанинг истиқболли эканлигини биринчи марта Марказий Осиёдаги автоташувчиларга тўғридан-тўғри Хитойга чиқиш имконини берган "Қашғар-Иркештом-Ўш-Андижон-Тошкент" автойўлаги кўрсатади.

Жанубий портларга чиқиш имконини берувчи “Мозори-Шариф-Кобул-Пешавор“ темир йўлининг қурилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Афғонистон, Қозоғистон, Покистон ва Россия билан биргаликда бу лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. 2018 йил декабрда ва 2019 йил март ойида Тошкентда темир йўл идоралари раҳбарларининг беш томонлама учрашувлари бўлиб ўтди, унда ушбу йўлакнинг асосий тафсилотлари муҳокама қилинди.

Ушбу йўналишда Мозори-Шариф ва Кобул ўртасида магистрал йўл ўтмоқда, Ўзбекистон ва Тожикистондан Афғонистон пойтахтига олиб борадиган электр узатиш линиялари тортилган. Келажакда бу йўналиш Ҳиндистонгача давом этиши мумкин.

Ушбу транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни таъминлаш учун Ўзбекистон президенти томонидан "Марказий Осиё ва Афғонистон учун молиявий мулоқот"ни ташкил этиш бўйича ташаббус эълон қилди. Мулоқотнинг асосий мақсади Хитойнинг молиявий институтлари - Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Буюк ипак йўли жамғармаси ва бошқа йирик халқаро ривожланиш институтлари, хусусий сектор билан ҳамкорликда минтақанинг энг муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилишдир.

Ҳозирги шароитда ушбу мулоқотни бошлаш, уни инклюзив ва шаффоф қилиш муҳимдир. Шу билан бирга, техник ва иқтисодий жиҳатлар билан бир қаторда, ижтимоий ва сиёсий масалаларга алоҳида эътибор бериш зарур.

Транспорт коммуникациялари нафақат ўзаро боғлиқлик муаммоларини ҳал қилади, балки янги иш ўринларини яратиб, савдо-сотиқни ривожлантиради,  ривожланишни рағбатлантиради.

Бундан ташқари, Афғонистон ҳудудидан ўтадиган транспорт лойиҳалари мамлакатда узоқ йиллар давом этган қарама-қаршилик тезроқ якунланиши учун кучли рағбат бўлиши мумкин. Биринчидан, янги коммуникациялар Афғонистоннинг қўшниларини бирлаштиради. Уларнинг умумий иқтисодий манфаатлари вужудга келади. Афғон муаммоси бўйича зарур минтақавий келишувга эришиш учун шароитлар яратилади. Иккинчидан, барча қарама-қарши гуруҳлар урушдан фарқли ўлароқ, тинчлик ва савдо яхши фойда келтирадиган, ривожланишнинг энг муҳим шарти эканлигини тезда деб тушунадилар.

Ўзбекистон томонининг қараши ХХР раҳбарияти томонидан илгари сурилган ғояларга ҳамоҳанг. Иккинчи БМБЙ форумида сўзлаган нутқида Си Цзинпин Хитой бошқа томонлар билан ўзаро боғланиш тармоқларини қуришни давом эттиришини, бунда янги темир йўллар, халқаро қитъалараро денгиз йўллари ва тезкор йўллар билан тўлдириладиган иқтисодий йўлаклар асосий роль ўйнашини таъкидлади.

Иккинчидан, Ўзбекистон "ақлли" қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, агроинновациялар бўйича қўшма марказни ташкил этишни мақсад қилиб қўйган. Ўзгарувчан иқлим шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш замонавий дунёдаги энг муҳим муаммолардан биридир. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, Марказий Осиё минтақаси учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги асосий хатарлар тупроқ деградацияси, сув ресурслари танқислиги ва қишлоқ хўжалигида эскирган ёндашувлар ҳисобланади.

Бу шароитларда сув ресурсларини тежашга, ўсимликларнинг ҳосилдорлиги ва касалликларга чидамлилигини оширишга имкон берадиган энг замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этишни таъминлаш жуда муҳимдир. Ушбу соҳада юксак натижаларга эришган Хитой ва бошқа шериклар билан ҳамкорлик талаб қилинади. Қишлоқ хўжалигидаги юқори технологик зоналар фаол ривожланаётган Хитой провинцияларининг ишланмалари амалий қизиқиш уйғотади. Келгусида Хитойнинг бундай ҳудудлари аграр инновация марказини ташкил этишда Ўзбекистоннинг ҳамкори бўлиши мумкин.

Учинчидан, инсон капиталини ривожлантириш учун илмий ва гуманитар салоҳиятдан кенг фойдаланиш зарур. Ҳаётнинг барча жабҳаларида илм-фан ва технологиянинг энг сўнгги ютуқларини тезроқ жорий этиш барқарор иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва мамлакатнинг юқори рақобатбардошлигини таъминлашнинг энг муҳим шартидир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон президенти БМБЙ билан илмий ва инновацион фаолиятнинг устувор йўналишларида ҳамкорликнинг бутун тизимини яратишни таклиф қилмоқда. Буни ёлғиз бажариб бўлмайди. Замонавий илм-фан, инновацион фаолиятнинг етакчи йўналишлари бўйича тадқиқотлар сезиларли молиявий ва бошқа ресурсларни талаб қилади. Уларнинг ҳажми кўпинча ҳаттоки ривожланган мамлакатлар учун ҳам катталик қилади.

"Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасидаги ҳамкорлик илмий-техникавий жараённи жадаллаштириш, ушбу мақсадларда қўшма технопарклар, илмий-инвестициявий кластерлар, венчур компаниялар ташкил этиш учун мамлакатларимиз восита ва имкониятларини бирлаштириш учун ноёб шарт-шароитлар яратади.

Ҳозирги кунда ХХР БМБЙ доирасида илм-фан, технология ва инновация соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳаракат режасини амалга ошириб келмоқда. Ҳамкорлар билан биргаликда 4 та йирик ташаббус: илмий-техникавий ва гуманитар алмашинув, қўшма лабораториялар яратиш, технопарклар ташкил этиш ва технологиялар трансфери соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, белгиланган вазифаларни бажариш учун инсон капитали ўсишини таъминлаш, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш зарур. Бунда тажриба алмашиш, технологик жиҳатдан замонавий ишлаб чиқаришларда профессионал малака оширишни ташкил этиш орқали етук кадрларни тайёрлашнинг илғор усулларидан фойдаланиш талаб этилади.

Бу ва бошқа қатор вазифалар таълим-ишлаб чиқариш марказларини яратиш орқали ҳал қилиниши мумкин, бунда Буюк Ипак йўлидаги мамлакатларнинг етакчи университетлари иштирок этиши мумкин. Бунда дунёнинг 38 мамлакатидан 151 та университетни қамраб олган янги Буюк Ипак Йўлининг Университет альянси муҳим роль ўйнаши мумкин.

Тўртинчидан, сайёҳлар алмашинувининг ривожланиши. Туризм соҳасида реал натижаларга эришиш учун президент Шавкат Мирзиёев БМБЙ форумида Самарқандда Халқаро Ипак Йўли туризм ассоциациясини ташкил этишни ва ҳар йили "Бир макон, бир йўл" сайёҳлик форумларини ўтказишни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш учун жиддий салоҳиятга эга. Мамлакатда 7,4 мингдан зиёд маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 209 таси ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, республикада 11 та миллий табиий парклар ва давлат қўриқхоналари, 12 та буюртма қўриқхона, 106 та музей ва сайёҳларни жалб қилиши мумкин бўлган бошқа туристик объектлар мавжуд..

БМБЙ мамлакатлари билан сайёҳлик соҳасида фаол ҳамкорлик Ўзбекистон учун катта имкониятларни очади. “Бир макон, бир йўл”нинг 60 мамлакати энг йирик ташқи турист “етказиб берувчилар”дир. Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёдаги сайёҳлар томонидан сарфланган пулларнинг 20 фоизидан кўпроғи Хитой улушига тўғри келади. Улар 2017 йилда туризмга 250,6 млд доллар сарфлаган. Экспертларнинг қайд этишича, 2021 йилга келиб жаҳондаги Хитой сайёҳларининг сони 200 миллионга, уларнинг харажатлари 429 миллиард долларга етади. 

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг БМБЙ мамлакатлари билан ҳамкорлиги улкан ва ҳали тўла амалга оширилмаган салоҳиятга эга эканлигини яна бир бор таъкидлаш жоиз.  Ўзбекистон президенти томонидан билдирилган транспорт, инновация ва таълим соҳаларидаги аниқ ташаббуслар Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янги даражага кўтара олади ва БМБЙ доирасида барқарор иқтисодий ўсиш ва ривожланишга тўсиқ бўлиб турган энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорликка йўналтиради.

Ўзбекистон томонининг таклифлари БМБЙ доирасида умумий манфаатлар ва фаровонлик учун ҳамкор давлатлар билан бундан буён ҳам ҳамкорлик  қилиш учун яхши асос яратади.

Э.Арипов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик вa минтақалараро тадқиқотлар институти директори

Мавзуга оид