Жамият | 20:53 / 05.07.2019
48025
4 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон шаҳрида мудҳиш қотиллик содир этилди. Ҳодиса сабаблари кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинди

Каттақўрғон шаҳрида ҳокимлик, вилоят ИИБ ва прокуратура ходимлари, муассасалар, жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда жорий йил 4 июль куни Каттақўрғон шаҳрида содир этилган мудҳиш жиноят, унинг оқибатлари, жиноятни келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар муҳокама қилинди. Бу ҳақида «Каттақўрғон тонги» газетаси t.me/KattakurgonT телеграм каналида хабар берди.

Содир этилган жиноят тафсилотларига кўра, 2019 йил 4 июль куни соат 10:00 ларда Каттақўрғон туман «Зарқўрғон» маҳалласи Кўкан қишлоғидан оқиб ўтувчи «Чиқиш» каналининг чап қирғоғидан Равшан Фахриддинов ҳамда унинг укаси Ришат Фахриддиновнинг жасадлари қотиллик аломатлари билан топилган. Жиноятни фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноят Каттақўрғон шаҳар «Дўстлик» маҳалласида яшовчи фуқаро томонидан содир этилгани аниқланган. Ушбу фуқаро 3 июль куни соат 12:00лар атрофида яшаш уйидаги чиқиндиларни тўкиш учун чиққанда унга нотаниш бўлган икки шахс, яъни, марҳум Равшан ва Ришат Фахриддиновни спиртли ичимлик истеъмол қилиш учун уйига таклиф қилади. Шу орада улар орасида жанжал чиқиши оқибатида уй эгаси ака-ука Фахриддиновларга ошхона пичоғи билан оғир тан жароҳати етказади. Натижада улар вафот этади.

Йиғилишда сўзга чиққанлар ушбу жиноят содир этилишига асосан масъул ходимларнинг бефарқлиги сабаб бўлганига урғу берди.

Атроф-муҳитга лоқайд ва бепарво муносабат туфайли қотиллик қурбони бўлмиш икки нафар шахс воқеа жойида анча вақтгача қолиб кетгани (12 соат давомида), бундан на қўни-қўшни, на маҳалла фаоллари хабар топгани, жасадлар Чиқиш каналигача олиб борилишида бирор киши бунга гувоҳ бўлмагани кишини таажжубга солади. Маҳаллаларда ичкиликка, гиёҳвандликка ружу қўйган, жиноятчиликка мойиллиги бўлган шахслар билан етарлича профилактик тадбирлар олиб борилмаётгани оқибатида ана шундай мудҳиш жиноятлар содир этилаётгани таъкидланди.

«Ушбу жиноят барчамизни сергак торттириши керак. Жиноятни содир этган шахс ичкиликка ружу қўйган. Мана шундай ичкилик оқибатида содир этиладиган жиноятларнинг қурбонлари орасида эртага ҳар биримизнинг яқинимиз бўлиши мумкин. Бу иллатга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси деган тушунчадан йироқ бўлишимиз ва бунга ҳар биримиз, барча жамоат ташкилотлари, маҳалла, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, соғлиқни сақлаш тизими, кенг жамоатчилик биргаликда фаолият олиб бориши керак. Шундагина бу борада олиб борилаётган ишлар натижа бериши мумкин», - деди ўз сўзида вилоят прокурори ўринбосари С.Ишқувватов.

Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов барчани эътиборли бўлишга, шаҳар салоҳиятига тўсиқ бўладиган салбий ҳолатларнинг содир этилишига йўл қўймасдан виждонан ишлашга, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларга қарши курашишда барча жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчиликни ҳамкорликда иш олиб боришга чақирган.

Мавзуга оид