Жаҳон | 21:44 / 06.07.2019
7546
1 дақиқада ўқилади

АҚШ толиблар билан музокараларнинг сўнгги раунди ўта сермаҳсул бўлганини билдирди

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод “Толибон” ҳаракати билан бўлиб ўтган музокараларнинг охирги раундини ўта сермаҳсул деб баҳолади. У бу ҳақда ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.

"Музокараларнинг охирги олти куни барча даврлар ичидаги энг сермаҳсули бўлди. Биз тинчлик келишувининг барча тўрт бўлими: контртеррористик кафолатлар, қўшинларни олиб чиқиш, Афғонистон ички мулоқотидаги иштирок ва музокаралар ҳамда мунтазам равишда ўт очишни тўхтатиш бўйича сезиларли силжишларга эришдик", - деб ёзди Халилзод.

У шунингдек, музокаралар вақтинча тўхтатилганини ва 9 июлдан давом этишини маълум қилди.

Аввалроқ “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий офиси расмий вакили Муҳаммад Суҳайл Шахин толиблар 7-8 июлда Доҳада ўтказиладиган Афғонистон бўйича анжуманда иштирок этишини билдирганди.

Мавзуга оид