Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров, Исломжон Зокиров ва Бекзод Артиков муаллифлигида «Контракт тўловини стипендиясиз шаклда тўлаш қандай бўлиши мумкин?» сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Бундан бир йилча аввал, ижтимоий тармоқлар орқали тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун контракт тўловларини тўлашда маълум қулайликлар яратиш мақсадида уларга ўз хоҳишларига кўра стипендиялардан (ёки унинг бир қисмидан) воз кечиш ҳисобига йиллик олинадиган стипендия миқдорига мос равишда камайтирилган тўлов-контракт пулини тўлаш ҳуқуқини бериш бўйича таклифлар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган ва бу қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 17 июндаги 4359-сонли қарорида жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига, ўз хоҳишларига кўра тўлов-контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилди.
Бироқ ҳозирги кунгача тўлов-контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш тартиби қандай бўлиши ҳақидаги якуний хулосалар эълон қилинганича йўқ.
Бошқача айтганда, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун тўлов-контракт қийматини стипендиясиз шаклда тўлашда барча учун бир хил миқдор белгиланиб, ана шу миқдорнигина чегириб ташлаган ҳолда контракт тўланадими ёки ҳар бир талаба учун семестр якунига кўра унга тайинланган стипендия миқдоридан келиб чиқиб чегирмалар белгиланадими?
Бизнингча, агар тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун тўлов-контракт қийматини стипендиясиз шаклда тўлашда барча учун бир хил миқдор белгиланиб, ана шу миқдорнигина чегириб ташлаган ҳолда контракт тўлаш ҳуқуқи бериладиган бўлса, у ҳолда ушбу ҳуқуқдан фойдаланишни хоҳлаган талабалар учун семестр якунидаги ўзлаштириш кўрсаткичининг ҳеч қандай аҳамияти қолмайди.
Бошқача айтганда, бундай тартиб жорий этилса, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар икки хил тоифага ажралиб қолади:
Биринчи тоифа талабалар бу - тўлов-контракт қийматини стипендияли шаклда тўлашни танлаган талабалар бўлиб, уларнинг фанлардан юқори баҳо олишга интилишлари мос равишда табақалаштирилган стипендия тайинланиши орқали рағбатлантирилиб борилади.
Иккинчи тоифа талабалар эса - тўлов-контракт қийматини стипендиясиз шаклда тўлашни танлаган талабалар бўлиб, улар учун фанлардан юқори баҳо олишни рағбатлантирувчи асосий омил қолмайди ва шунинг учун уларнинг аксарияти «уч» баҳо билан кифояланиб қўяверишлари мумкин.







