Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фаррух Дадахўжаев: «Дўкондан қуролни сотиб олиб, юрса бўлади» деган нотўғри тушунчалар пайдо бўлди
Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан «Қурол тўғрисида» ги қонун маъқулланган эди. Мазкур ҳужжат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев ўз муносабатини билдирди. У Kun.uz'га берган интервьюсида қонун моҳиятини тушунтириб, баҳсли саволларга жавоб берди.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
— «Қурол тўғрисида» ги қонун Cенат томонидан маъқуллангунга қадар Ўзбекистонда қурол деганда қандай тушунча англашилган ва айни ҳолатда қурол деганда нимани тушунамиз?
— Мана шу масала, шу «Қурол тўғрисида»ги қонун Сенат томонидан маъқулланганидан кейин, жуда кўп тушунмовчиликка олиб келяпти. Ўзимга ҳам аҳолимиздан юзлаб мурожаатлар бўлаяпти. «Мана энди бориб, дўкондан қуролни сотиб олиб, юрса бўлади», деган нотўғри тушунчалар кетди.
Аввало, қурол деганимизда биз уч хил қуролни биламиз. Биринчи қурол — ҳарбий масалалар учун ишлатиладиган восита. У давлат раҳбарининг қарорлари билан тартибга солинган. Иккинчи қурол бу хизмат қуролидир. Хизмат қуролини ички ишлар органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва қоровул хизмати органлари ишлатади. Қонунда мана шу ҳам кўрсатиб ўтилган. Учинчи қурол эса, мана шу аҳоли ўртасида шов-шув бўлаётган масала, бу фуқаро қуроли.
Фуқаро учун аслини олганда, агар биз шу ўқотар қуролларни оладиган бўлсак, бу овчиларни ов қилиш қуроли бўлиши мумкин. Биласизлар, овчилар бундан юз йил олдин ҳам, минг йил олдин ҳам, ўн йил олдин ҳам бўлган. Уларда қурол ҳам бўлган. Бу тизим асосан ички ишлар органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзини қонун қоидалари билан тартибга солиб келинган. Тартиб кучли бўлган, лекин қонунбузарликка ҳам йўл қўйилган.
Энди мана фуқаро қуроли нима деганда, овчиларнинг қуролини тушуниш лозим. Ўзбекистонда 39 мингга яқин овчи бор. Бугунги кунда шунга яқин ва уларнинг қўлида 53 мингта қурол бор. Мана шу қуролларнинг эгаси бўлиши учун дуч келган инсон дўкондан қурол сотиб олмайди. Биринчидан ҳамма вилоятда ҳам қурол сотадиган марказлар йўқ. Тошкент ё Самарқанд каби йирик аҳоли яшаётган вилоятларда фаолият олиб бораётган қурол дўконларига ҳам қанча қурол олиб кириш мумкин, қанақа қурол олиб кириш мумкин, қанақа тартибда сотиш мумкин, деган масалалари пухта кўриб чиқилган.
Овчи бўлиш учун мураккаб синовлардан ўтиш керак. Масалан овчи бўлиш учун, аввало, наркодиспансердан, психиатрдан ўтиш керак, ундан кейин ҳужжатларни йиғиб, овчилик уюшмасига бориши керак. У ерда маълум вақт ўқитилади. Дарс олиб, ўқиб милтиқ ишлатишни билгандан кейин, улар ўқувчига қоғоз берадики, ҳаваскор овчи бўлди, бизда ҳисобда бор, дейилади. Гувоҳнома олиб, кейин Миллий гвардияга келади. Маълум вақтда ҳужжатлар текширилади. Қани бу инсоннинг ўзида шу қуролни олиб, овчи бўлишга мойиллик борми? Бунга, балки, тўғри келмайдиган ҳолатлар бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам ўрганилади. Миллий гвардияда ҳисобига ўтгандан кейин, ҳар уч йилда бир марта бориб, қайтадан регистрация қилиб туриш керак.
Ҳозирги тартибда шунақанги бир талаб қўйилганки, Миллий гвардия ходими ё ички ишлар ходими эрталаб соат 6:00дан кечки соат 22:00 гача хоҳлаган вақтида овчининг хонадонига келиб, қуролни кўздан кечириши мумкин ва унга шароит яратиб берилиши керак. Олдин бунақа эмас эди: эгасини қидириб топгин, у ҳам ишда бўларди.
Пневматик қурол ҳам бор. Лекин унинг ҳам чумчуқ отиб ўлдирадигани бор, одамни ҳам қаттиқ зарарлайдигани бор. Ана шу масала ҳам қонунда белгилаб берилди. Масалан, ҳар бир пневматик милтиқни отиш кучи жоулда ўлчанади, отиш кучига қараб уни ҳам ҳисобга қўйиш керак. Энди пневматик милтиқ эгаси миллий гвардияга бориб рухсат олиб, овчилик жамиятига аъзо бўлиши лозим.

— Демак, спорт товарда сотилаётган пневматик қуролларга ҳам талаб қатъийлаштирилди.
— Ҳа, мана шуларнинг отиш кучи 25 жоулдан юқори бўлса, ҳаммаси бориб ов қуроли учун ҳисобда туриши керак.
— Бу аввал бўлмаганми?
— Йўқ. Албатта, бу аҳолимизга баъзи бир қийинчиликларни туғдиради. Шунга қарамай, энди мана тартибга солинади. Қонун давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқлангандан кейин, у кучга кириши кутилмоқда.

— Сенаторлар томонидан маъқулланган қонунда совуқ қурол ва қуролларнинг турларига ҳам тавсиф берилган. Бу келгусида жамият ҳаётидаги қанақа масалаларни ечиши мумкин?
— Совуқ қурол деган тушунча кўп тортишувларга сабаб бўлди. Биласизми, икки ҳолатни олдимизга қўйишимиз керак:
Биринчи ҳолатда бу қасддан одам ўлдириш, ёки тан жароҳати етказиш. Қасддан — билиб туриб. Бунақа инсон ўзи учун қурол танлаб олади. Асосан, совуқ қурол туркумига ханжар, овчиларнинг тиғли пичоғи киради. Мана булар ҳам ҳозир овчилик жамиятида ҳисобга қўйилиши керак. Шунингдек, кнопка босганда чиқадиган пичоқ, қилич — булар совуқ қуролга киради.
Ошхона пичоқлари, миллий пичоқларимиз эса кирмайди. Чунки, ҳақиқатан, бу бизнинг миллий кўринишимиз. Кимки, агар буни нотўғри ишлатиб, ғайриқонуний иш қиладиган бўлса, қонун олдида жавоб беради. Ҳамма нарсани «йўқ, бу кесаркан» деб, уни қонун билан тиркаб бўлмайди, бунинг фойдаси йўқ. Қонун қанча тўсқинлик қилса, коррупция шунча кўпаяди. Шунинг учун, биз ошхона пичоқларини, миллий пичоқларни олиб ташладик.
— Асосий яна битта савол, ҳозир муҳокаманинг ўртасида кўп янграётган: жисмоний шахс, фуқаро магазиндан қуролларни сотиб олиши, ўзи билан олиб юриши, фуқаровий ҳимоя мақсадида фойдаланиши мумкинми?
— Йўқ, мумкин эмас. Дўконда қурол бор. Бу фақат овчилик қуроли — ов учун ишлатиладиган қурол. Буни сотиб олиш ва ишлатиш тартиби қатъий белгиланган.
— Мана шу тартиблар орасида овчи ов қуролини бошқа мақсадда фойдаланса, мисол учун, овдан ташқари ҳолатда олиб юрганлиги ва бошқалар қонунда назарда тутилганми?
— Албатта, ҳар бир овчининг қадами ҳисоб китоб қилиб қўйилган. Ҳар бир қадами. «Ов тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мана шунда таъкидланяптики, қайси ҳайвонларга қай вақтда ов қилиш мумкин, белгиланади. Дейлик, 1 февраль ёки 1 мартда ов мавсуми ёпилди. Овчининг биринчи иши милтиғини мойлаб, тозалаб, кейин сейфга қўйиши керак. Кейинги ов мавсуми бошлангунча. уни олиб юришга ҳаққи йўқ.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Мавзуга оид
11:00 / 12.02.2026
Хорижлик фуқаро далада отган қурол олиб қўйилди
12:05 / 11.02.2026
АҚШ Европадан Украина учун янги қурол харидларини кутмоқда
07:50 / 07.01.2026
Инфографика: сунъий йўлдошларга қарши қуролга эга давлатлар
18:10 / 15.12.2025