Ўзбекистон | 19:40 / 07.07.2019
6746
4 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазири: «Шу пайтгача илмни инновацияга айлантириш билан шуғулланмадик» 

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов  илм-фандан ишлаб чиқаришга кириш, фан ютуқлари ва тармоқ фаолиятини интеграция қилиш масаласида ўз муносабатини билдирди.  

Халқаро пресс клубнинг Фанлар академияси фаолиятига алоқадор масалаларига бағишланган навбатдаги сессиясида саволларга жавоб берган вазир илмий тадқиқот институтларининг ачинарли ҳолга келиб қолганини таъкидлаб, бунинг сабаби ишга бўлган муносабат билан боғлиқ эканлигини айтди.

«Муносабатни ўзгартирмас эканмиз, ҳар қанча маблағ берсак ҳам, моддий-техник базани яхшиласак ҳам, бу нарса ўзгармайди. Муносабат деганда, илмни инновацияга айлантиришга бўлган муносабатга кўпроқ урғу бермоқчиман. Шу пайтгача илмни инновацияга айлантириш билан шуғулланмадик. Кўпроқ кашфиётлар, мақолалар билан шуғулландик. Бугун шу муносабатни ўзгартирмас эканмиз, илмий натижаларни инновацияга, яъни маблағга айлантиришга ўзимизни бағишламас эканмиз, бунда ўзгариш бўлмайди», — дейди у .

Шундан кейин, у ўтган вақт мобайнида қилинган ишлар ҳақида гапириб, илмий ишланмаларни молиялаштириш масаласига ҳам тўхталди.

«Иккинчидан, биз илмни маблағга айлантириб, унинг натижасини ўзимиз кўрганимиз йўқ. Яъни рағбатни ҳали сезганимиз йўқ эди. Биз Фанлар академияси олимлари билан Президентимизнинг ўтган йилги ПҚ-3855 қарорлари асосида илмни инновацияга айлантириш, яъни тижоратлаштиришнинг қонуний базасини яратдик. Унда ҳар бир яратилган ишланмани тижоратлаштирилгандан кейин кўрилган фойданинг 40 фоизи олимнинг ўзига, 30 фоизи унинг жамоасига бериладиган бўлди. Бу жуда катта имконият. Шунингдек, илгарилари институтларда илмий ишланмалар атрофида бирорта корхона тузиш имкони йўқ эди. Ҳозирда бунга имконият пайдо бўлди. Учинчидан, қарор билан белгилаб берилдики, олим-тадбиркор-банк учлиги яратилди. Шу йўл билан инновация компаниялари тузиш олдимизга қўйилган. Ҳозирга келиб Фанлар академиясининг қатор институтлари билан 62та ишланмаларни тижоратлаштиришни йўлга қўйяпмиз ва бу бўйича 19та инвестицион компанияларни ишга тушириб юбордик. Бу, албатта, ишнинг бошланиши, йил охиригача бу каби инновацион ишланмаларни юзтага етказиш олдимиздаги вазифалардандир», — дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Унинг таъкидича, олимлар бу рағбатни сезгандан сўнг муҳит ўзгаради.

Сессия спикери олдинда турган муаммоларга тўхталиб, илмий тадқиқотларни инновацияга айлантирадиган қилиб молиялаштириш масаласини батафсил муҳокама этди. 

«Бу жудаям катта муаммо. Сабаби бугунги кунгача лойиҳалаштириш фақат ойликларни қоплаш билангина чегараланар эди. Лойиҳалар кичик-кичик берилган. Бу биринчиси. Иккинчиси, ҳеч бир лойиҳа охирига етмасди: доим ўрганиш, доим тадқиқ қилиш ва оптималлаштириш билан тугарди. Ҳозир бу нарсаларга чегара қўйиб, мунтазам равишда тематик грантлар эълон қилиняптики, ҳам олимга каттароқ пул ва бу маҳсулот берсин.

Бу ишларнинг натижасини қанчада кўришимиз мумкин деган саволга: «Ҳозирда мавжуд ўн тўққизта компания 12 млрд.га яқин маблағдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариб, шундан 5 млрд. ини сотишга эришилди». Бу жуда кам. Лекин биринчи қадамларимиз. Бу албатта, кўп бўлиши керак. Механизм ишга тушди, олимлар билан ишлаяпмиз. Энг муҳими олимлар ва банк ўртасида кўприк яратилди», —  деб жавоб берди вазир.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид