Ўзбекистон | 11:15 / 21.11.2019
3997
2 дақиқада ўқилади

Абдураҳмонов Дворкович билан учрашди. Ўзбекистонлик стартапчилар «Сколково» инновацион марказида малака оширади

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Россиянинг «Сколково» инновацион марказига ташриф буюриб, «Сколково» жамғармаси раиси Аркадий Дворкович билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Учрашув «Сколково» инновацион маркази билан ҳамкорлик ўрнатиш, инновация ҳамда ахборот-коммуникация соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокамасига бағишланди.

Томонлар учрашув давомида, шунингдек, Ўзбекистондаги стартап лойиҳалари «Сколково» инновацион марказида ўтказиладиган демо-кунларда иштирок этишини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистонда стартапларни қўллаб-қувватлашга, бу соҳадаги тажрибалар билан ўртоқлашишга, «Сколково»даги халқаро гимназиясида ёшларни ўқитиш, ўзбек мутахассисларининг малакасини оширишга келишилди. 

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Жамғарма раиси А. Дворкович келгуси йилнинг иккинчи ярим йиллигида стартап турне ўтказиш режалаштирилганини ва бу турне доирасида «Сколково» инновацион марказининг етакчи мутахассислари Ўзбекистонга бориб, стартап экотизими вакиллари учун ўқув курслари ташкил этишларини маълум қилди.

Кейинги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва «Сколково» жамғармаси раиси Аркадий Дворкович ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоладилар.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид