Жамият | 18:18 / 16.09.2019
6792
3 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазири ОТМ ва ИТМларнинг проректорлари ва директор ўринбосарлари иштирокида видеоселектор ўтказди

13 сентябрь куни Олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ҳамда Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилди.

Йиғилишда Олий таълим муассасаларида илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳолати ҳамда муаммолари ҳақида сўз юритилди.

ОТМ ва ИТМларнинг илмий салоҳиятини белгилашда асосий мезонлардан бири бу илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳисобланади. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бугунги кунда ОТМ ва ИТМлар учун янги йўналиш бўлгани боис, тижоратлаштириш ишлари талабга жавоб бермаслиги қайд этилди. Шу билан бир қаторда, Республикада илмий ишланмаларни тижоратлаштириш фаолиятини яхши йўлга қўйган ОТМлар ҳам мавжуд бўлиб, биргина Навоий давлат кончилик институтида 2019 йил давомида 2 та лаборатория фаолияти натижасида 130 млн сўмлик ҳамда ҳудуддаги ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарининг муаммолари ечимига қаратилган умумий суммаси 1,3 млрд сўмни ташкил этадиган 10 та хўжалик шартномалари тузилган.

Йиғилишда 2019 йилда ўтказилаётган анжуманлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда 2020 йили бўладиган илмий ва илмий-техникавий анжуманлар рўйхатини шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, жорий йил 25 сентябрига қадар проректорлар ва директор ўринбосарларининг 2019 йил 9 ойи давомида бажарган ишлари бўйича ОТМ ва ИТМнинг илмий салоҳияти, диссертация ҳимоя қилганлар сони, олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида йиллар кесимида қабул қилинганлар, битирувчилар, диссертация ҳимоя қилганлар сони, бажарилаётган маҳаллий ва халқаро илмий лойиҳалар, инновацион жамғармаларга шакллантирилган маблағлар ва уларнинг сарфланишини акс эттирган ҳисобот тақдим этиш вазифаси қўйилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг долзарб йўналишлари бўйича мавзуга оид грантлар бериш юзасидан мунтазам равишда танловлар эълон қилишни амалга оширишнинг янги механизми жорий этилди. Вазирлик томонидан жорий йилнинг 15 июлидан 16 августгача бўлган муддатга қадар ташаббускор (ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириладиган устувор илмий-тадқиқот) лойиҳалар танлови эълон қилинди. Ушбу танловга республикада фаолият олиб бораётган 112 та ОТМларнинг атиги 32 таси томонидан 123 та лойиҳа тақдим этилган. Республика миқёсида бу кўрсаткичларни қониқарли деб ҳисоблаб бўлмаслигини ҳамда ОТМларда фаолият олиб бораётган профессор ва ўқитувчилар фақатгина талабаларга таълим бериш билан чекланиб қолмаслигини инобатга олиб, барча масъул проректор ва директор ўринбосарларидан вазирлик томонидан эълон қилиб бориладиган танловларга жамоани фаол қатнашишини таъминлашлари сўралди.

Йиғилиш сўнгида ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Ёшлар академияси ҳамда унинг ишчи органи сифатида Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди.

Мавзуга оид