Экология қўмитаси: Амир Темур хиёбонидаги дарахтлар кесилиши бўйича ўз вақтида хулоса берилган
Бугун, 8 июль куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ОАВ вакиллари учун мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш, қабул қилинаётган чора-тадбирларга бағишланган брифинг ташкил этилди.
Тадбирда маълум қилинишича, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида ўтказилган давлат экологик назорати натижаларига кўра республика миқёсида жами - 2524та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган, 513,4 млн. сўм жарима белгиланган, 2093та ҳолат бўйича 412,5 млн. сўм жарима ундирилган.
Ўсимлик дунёсига етказилган зарар - 1571та даъво бўйича 2 млрд 243. млн сўмни ташкил этиб, шундан 1232та маъмурий иш юзасидан 961, 9 млн. сўм ундириб олинган.
Жарима ва зарарни ундириш ҳамда тегишли чора қўллаш мақсадида «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларини бузиш натижасида жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан расмийлаштирилган 189та маъмурий ҳамда жиноий иш ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига (суд, прокуратура, МИБ, ИИВ) юборилган.
Шунингдек, бугунги кунда Тошкент шаҳрида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши бўйича фуқароларнинг мурожаатлари тобора ортиб бораётгани қайд этилди.
Республика бўйича жами ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесишга келиб тушган аризалар сони 3030тани ташкил этади. Шундан 1825та мурожаатга дарахтларни кесиш учун ижобий хулоса берилган ҳамда 1205та мурожаатга салбий хулоса, яъни аризасига рад жавоби берилган. Шу жумладан, Тошкент шаҳри бўйича жами келиб тушган аризалар сони 1139тани ташкил этади. Шундан 556та мурожжатга дарахтларни кесиш учун ижобий хулоса берилган ҳамда 583та мурожаатга салбий хулоса, яъни аризасига рад жавоби берилган.
Тадбирда қўмита неча йиллик ишларга чора кўриши, Амир Темур хиёбонида кесилган дарахтлар бўйича ўрганиш олиб бориш эҳтимоли қандайлиги тўғрисида сўралди.
«Табиатга, хусусан дарахтларга жон куйдираётганингиз учун катта раҳмат. Қўмита 3 йилгача бўлган ҳолатларни текширади. Лекин айнан Амир Темур хиёбонида кесилган дарахтлар бўйича расмий сўровнома юборсангиз, ўрганиб чиқишимиз мумкин», дея Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раис ўринбосари Ўктам Ўтаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Анжуман жараёнининг ўзида расман оғзаки сўров қилингани эълон қилинганидан сўнг қўмита жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Севара Давлатова ўз вақтида юқоридаги ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилгани, тегишли ҳужжатлар ўрганиш, ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, хусусан прокуратурага топширилганини билдирди.
Мавзуга оид
16:53 / 25.11.2022
Пули тўланмаган лифт ва қимматбаҳо унитаз. Экоқўм тадбиркорларга ҳақини бермаяпти
17:18 / 11.10.2022
Манба: Экология қўмитаси раисининг икки ўринбосари ишдан олинди
09:52 / 28.07.2022
Экология қўмитаси 831 та ҳолатда тадбиркорлар ҳуқуқларини бузгани аниқланди
17:24 / 20.05.2022