Жамият | 23:00 / 08.07.2019
18444
4 дақиқада ўқилади

«Ҳожатбарор» фирибгарлар гуруҳи қўлга олинди  

Бу ҳаётда ишонч туйғуси одамларни бир-бирига боғлаб турган муҳим ришта ҳисобланади. Ўза­ро ишонч асосида пайдо бўлган ҳар қандай дўст­лик, ҳамкорлик ришталари қанчалик мустаҳкам бўлса, унинг умри ҳам шунчалик безавол ва бардавом бўлади. Аксинча, ишончга заҳа етса, сиз ишониб, инониб юрган кимса ишончингизни поймол этиб, уни суиистеъмол қилса, бутун борлиқ кўз ўнгингизда зимистонга айланади.

Кейинги пайтларда ўзи­ни бошқаларга яқин олиб, гўёки беминнат кўмакдош кўрсатиб, "ҳожатбарорлик" ниқоби остида фирибгарлик, товламачиликни ўз­ларига касб қилиб олган кимсаларнинг бот-бот учраётгани ҳеч кимга сир эмас, албатта.

Буни Б. Насимовнинг қилмиши мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шеробод туманида яшовчи Бегали Насимов (исм-фамилиялар ўз­гартирил­ган) қис­қа муддатда, аниқроғи, бор-йўғи бир йилга яқин "Ермулккадастр" давлат корхонаси Шеробод тумани филиалида мутахассис сифатида фаолият юритди. Бегали ушбу идорадан нега ишдан кетгани бизга қоронғу. Би­роқ бу ердан ишдан кетгач ҳам, ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаса-да, у ўзини идоранинг ходими сифатида кўрсатиб, одамларни алдай бошлади.

Унинг "тузоғ"ига дастлаб Санобар Ҳақбердиева тушди. У Санобар опага уй-жойини давлат кадастри рўй­хатидан ўтказиб беришга қуюқ ваъда бериб, бир ой ичида унинг 2 миллион 650 минг сўмини қўлга киритди ва ўз эҳтиёжига ишлатиб юборади.

Бегалибой қараса, ҳам­маси силлиқ кечаяпти, чўнтаги пулга тўлмоқда.

Шундан ҳаволанган бу кимса ўзига яқин бўлган ҳамтовоқлари орқали энди бошқаларни ҳам фириб тузоғига тушира бошлади.

Кейинчалик унинг қоп-қоп ваъдаларига ишонган яқин қа­риндошлар Фахриддин Сувонов ва Нодир Шерматовлар ҳам ўзларига тегишли бўлган уй-жойларини давлат кадастр рўйхатидан ўтказиш илинжида Б. Насимовнинг қў­лига 3 миллион 15 минг сўмни қўш­қўллаб тутқазишади.

Шуниси ажабланарлики, фирибгарликнинг ро­са ҳадисини олган Б. Насимов фуқароларнинг ишончига кириш мақсадида корхонанинг "мутахассис"и сифатида ҳатто уларнинг ер участкаларини ҳам кўздан кечиради. Кейин эса, кадастр ҳужжатлари тез кунда тайёр бў­лишини айтиб, жуфтакни ростлаб қолади.

Орадан анча вақт ўтиб эса, сохта ходимнинг қуруқ ваъдасига ишонган ушбу туманда яшовчи Дилбар Қосимова ҳам Б. Насимов уй-жойларини ўл­чаб бўлгач, бола-чақаси, рўзғоридан тежаб-тергаган 800 минг сўмни унга тутқазди.

Таассуфки, бир фирибгар кимсанинг алдовларига учиб, чув тушган жабрланувчилар, кеч бўлса-да, ўз хатоларини анг­лаб етишиб, охир-оқибат ҳуқуқ­ни му­ҳофаза қилувчи идорага мурожаат этишди.

Суриштирув ва тергов асносида Б. Насимов қилмишларини ҳар қанча ҳаспўшлаб, сувдан қуруқ чиқиб кетишга уринмасин, барибир кирдикорлари фош бўлди.

Мазкур жиноят иши юзасидан суд судланувчининг қилмишларига ҳуқуқий баҳо бериб, унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли модда ва бандларига асосан жазо та­йин­лаш баробарида, судланувчи томонидан жабрланувчига етказилган моддий зарар тў­лиқ қоплангани ҳам суд ҳукмида алоҳида қайд этилди.

Мухтасар қилиб айтганда, фирибгарлик, товламачилик йўли билан бойлик орттиришни кўзлаган кимсалар охир-оқибат панд ейиши аниқ.

Негаки, ҳаётда қинғир иш ҳеч қачон изсиз кетмайди. Инсонга фақат ростгўйлик, тўғрилик ва ҳалол меҳнатгина обрў-эътибор келтиради, умрига мазмун, кўнг­лига хотиржамлик бағишлайди. Шундай экан, умрни фақат эзгу ва хайрли ишларга бағишлаб, ёруғ юз билан яшашга нима етсин!

Зуфар Нарзиев, жиноят ишлари бўйича
Шеробод тумани судининг раиси

Мавзуга оид