Ўзбекистон | 21:02 / 08.07.2019
12433
2 дақиқада ўқилади

Сенатор: «Ерлар захирада турибди, шўрланяпти, одамлар эса ер қидириб сарсон» 

Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил биринчи ярмидаги фаолияти юзасидан ҳисоботлар сессияси доирасида Аграр, сув хўжалик масалалари ва экология қўмитаси томонидан брифинг бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, республика бўйича туман/шаҳар ҳокимликлари захирасига олиб қўйилган, мавжудлиги ҳақида аҳолига маълумот берилмаган ер майдонлари мавжуд. Хусусан, Жиззах вилоятида умумий ер майдонининг 10 фоизи туман ҳокимларининг захира фондига ўтказиб қўйилган. Улар яйловлар, лалми, суғориладиган экин ерлар, бўз ерлар, пичанзор, кўп йиллик дарахтлар ва бошқа ерлардан иборат. Ерларнинг ўз вақтида фойдаланишга берилмаслиги, мелиоратив ҳолатининг ёмонлиги, сув тармоқларнинг йўлга қўйилмагани боис бу ерлар шўрланишга юз тутган. Аҳолининг эса захирадаги ерлар ҳақида маълумот йўқ.

«Эгаси йўқ 217 мингдан ортиқ ер захирада турибди. Ер излаб, сарсон бўлиб юрганлар қанча. Аҳолининг хабари йўқ, захирада ер турганидан. Аслида ОАВ орқали маълумот берилиши керак. Бу фақатгина Жиззахда эмас, бутун Республикада мавжуд салбий ҳолат», ─ дейди сенатор, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев.

Шунингдек, брифингда маълум қилинишича, республика бўйича мавжуд 4,3 миллион гектар суғориладиган ер майдонининг атиги 7 фоизи, яъни 328 минг гектарида тежамкор суғориш технологиялари жорий этилган. Суғориладиган умумий ерларнинг 42,897 гектарида, яъни бир фоизида томчилаб суғориш йўлга қўйилган. Бу эса сувдан нотўғри фойдаланилишига сабаб бўлмоқда.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид