Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда ва келгусида ҳам соҳани молиявий жиҳатдан қувватлаш давом эттирилади. Шу билан бирга, бу маблағларнинг ўз вақтида эгасига етиб бориши, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилиши учун очиқ ва шаффоф тизим зарурлиги қайд этилди.
Аввал субсидиялар 6 та вазирлик томонидан ажратиб келинар эди. Янги агентлик ташкил этилиши натижасида барча турдаги субсидиялар бўйича молиявий хизматлар “бир дарча” тамойили асосида кўрсатилади. Унга кўра, келаси йил деҳқон ва фермерларга 2 триллион 200 миллиард сўмлик субсидия ажратилиши режалаштирилган.
Энг муҳими, субсидия ажратиш жараёни ҳозирги 4 босқичдан 2 босқичгача қисқартирилади, уларни олиш муддати эса 1 ойдан 15 кунгача туширилади. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ҳар бир субсидия фермерлар учун маъқул бўладиган шартларда, маблағ энг зарур пайтда етказиб бериладиган тартибга ўтилади.
Кейинги йилдан бошлаб сув насосларига сарфланган электр энергияси учун субсидиялар мева-сабзавот, мойли экин, картошка ва озуқа экинлари етиштирувчи фермерларга ҳам татбиқ этилиши маълум қилинди. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.











