Жамият | 10:49 / 09.07.2019
15610
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарё ҳокими вилоят раҳбарлари 28 йил қадам босмаган олис қишлоқда тоғликларнинг муаммоларини ўрганди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов томонидан ҳафтанинг ҳар якшанба куни олис ва чекка, аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар фуқароларнинг мурожаатларини самарали ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда, деб ёзади Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

7 июль куни навбатдаги сайёр қабул Денов туманининг вилоят марказидан қарийб 200 километр узоқликда жойлашган тоғли Ўшор қишлоғида ташкил этилди. Унда фуқароларнинг мурожаатлари, масалаларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун вилоят, туман ҳокимликлари мутасаддилари, секторлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, «Халқ қабулхонаси» вакиллари жалб этилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бориш қийин бўлган тоғли Ўшор қишлоғида 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Унинг 50 фоизини ёшлар ташкил этади. Самимий мулоқот чоғида одамлар ўтган 28 йил давомида биринчи маротаба бу қишлоқдаги муаммоларни ўргангани келган вилоятнинг янги ҳокимига кўпдан буён ўйлантириб келаётган муаммоларини айтишди.

Ўшорликлар ва уларга қўшни бўлган қишлоқлар аҳолисидан 100 дан зиёд мурожаатлар тушди. Мурожаатларнинг аксарияти аҳолини кўпдан буён қийнаб келаётган муаммолар, хусусан йўл, қишлоқ врачлик пункти, мактабгача таълим муассасаси қурилиши, электр энергия таъминотини яхшилаш билан боғлиқ масалалардир.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

– Сина ва Ўшор қишлоқлари орасидаги 20 километрлик, Ўшор қишлоғининг 12 километрлик ички йўллари турли ёғингарчилик ва селлар туфайли носоз аҳволга келиб, йиллар давомида одамларимизга катта қийинчиликлар туғдирмоқда. — дейди фуқаро О.Рўзибоев. — Вилоятимиз ҳокими бу муаммони қисқа муддатда бартараф этиш тўғрисида йўл қурилиши ташкилотига топшириқ бериб, қилинган ишларни шахсан ўзлари яна 3 август куни келиб кўришларини айтдилар. Ниҳоят, кўп йиллик муаммоли масалаларимиз ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Мулоқот давомида фуқаролардан тушган мурожаатларнинг 27 таси жойида ҳал этилди. Муддат талаб этадиган 76 та мурожаат назоратга олиниб, унда кўтарилган масалаларнинг ижобий ечими бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Сайёр қабул муносабати билан вилоят марказидан жалб этилган малакали мутахассис-шифокорлар томонидан бепул тиббий кўрик ҳам ташкил этилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бориш қийин бўлган бу каби олис ҳудудлар аҳолисининг яшаш тарзи билан яқиндан танишиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш одамларнинг ҳаётга бўлган ишончини янада оширишга, турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид