Ўзбекистон | 10:46 / 09.07.2019
11200
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги қатор шифохоналар ДХШ лойиҳасига айлантирилади

Фото: ТАСС

Республика тиббиёт тизимига маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда тиббий хизматнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантириш агентлиги Халқаро молия корпорацияси кўмагида гемодиализ хизмати марказларини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

Ушбу лойиҳа ҳаётга самарали жорий этиладиган бўлса, марказ орқали кўплаб беморлар халқаро стандартларга жавоб берадиган диализ хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлишади. Айни вақтда ушбу лойиҳанинг тендер босқичи амалга оширилмоқда. ДХШ агентлиги мутахассислари мазкур лойиҳани хар томонлама пухта режа асосида ишлаб чиқиш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари билан семинар тренинглар ўтказиб, лойиҳа концепциясини ишлаб чиқди. Гемодиализ клиникасини ДХШ асосида ривожлантириш учун 10 дан ортиқ йирик хорижий инвесторлар қизиқиш билдирган. Қайд этиш керакки, Халқаро молия корпорацияси ушбу лойиҳанинг асосий маслаҳатчиси сифатида иштирок этмоқда.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда маҳаллий инвестор томонидан илгари сурилган стерилизация хизматини ДХШ асосида лойиҳалаштириш ташаббуси ўрганиб чиқилмоқда. Республикада стерилизация хизматини жорий қилиш жиҳозлардан юқиши мумкин бўлган кўпгина касалликларнинг олдини олади.  
     
Бугунги кунда Ўзбекистон тиббиёт тизимида долзарблик касб этиб турган онкология йўналишида ДХШ асосидаги лойиҳани амалга ошириш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан таклифлар келиб тушган. 

Маълумки, ДХШ лойиҳаларни танлаш тендер асосида амалга оширилади ва бу борада тендерда қатнашиш истагини билдирувчи дунёнинг йирик корхоналари Ўзбекистондаги инвестиция имкониятларига қизиқиш билдирмоқда. 

Жумладан, онкология соҳасидаги ДХШ лойиҳасини амалга ошириш бўйича Европанинг йирик компаниялари қизиқиш билдирмоқда. ДХШ агентлиги ва вазирлик мутахассислари айни вақтда бу ва бошқа кўплаб лойиҳаларни таҳлил қилиб, ДХШ лойиҳасининг қайси шаклига мослиги ва унинг ижтимоий-иқтисодий афзаллиги юзасидан муҳокамалар ўтказмоқда. Агентлик мутахассислари ва Осиё тараққиёт банки консультантлари айни йўналишдаги ҳар бир жараённи мукаммал ўрганмоқда.

Бундан ташқари, пойтахтда айрим шифохоналарни тез орада маҳаллий инвестор ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигидаги ДХШ лойиҳасига айлантириш режалаштирилган. Масалан, улар орасида инсультдан кейинги реабилитация маркази бўлиши режалаштирилаётган лойиҳа ҳам бор. Агар лойиҳа амалга ошириладиган бўлса ушбу марказда 200 нафар бемор реабилитация хизматларини олиш имконига эга бўлади.
        
ДХШ агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари ушбу лойиҳа ДХШнинг (DBRFOM – лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкциялаш, молиялаштириш, эксплуатация қилиш ва бошқариш) шаклига мослигини аниқлаб, лойиҳага қўйиладиган талабларнинг аниқлиги юзасидан таҳлиллар олиб боришмоқда. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши доимий равишда шартнома томонларнинг мажбурияти ва талабларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг амалга оширилади.
         
Республиканинг уч вилоятида марказлашган лаборатория хизматини кўрсатиш бўйича таклиф қилинган лойиҳа бўйича хам ишлар олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш бўйича айни вақтда ДХШ агентлиги билан лойиҳа ҳар бир жараёнини пухта ўрганиб чиқишни бошлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид