Яқинда Kun.uz таҳририятига Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳри, «Заҳриддин Бобур» маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди. Улар нафақат маҳалла, балки Янгиер шаҳридаги жума ва ҳайит кунлари 3-5 минг киши тўпланадиган масжид аҳоли сони кам бўлган бошқа жойга кўчирилаётганини таъкидлашган.

Таҳририят мухбирлар гуруҳи айни масалани жойида ўрганиш мақсадида Янгиер шаҳрига йўл олди ва даставвал мурожаатда тилга олинган масжидга бориб, мурожаатчилар билан учрашди. Оқсоқолларнинг айтишича, бугунги кунда шаҳарда 2та жоме масжид бўлиб, уларнинг энг йириги ушбу масжиддир.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
«Тўғрисини айтганда бузмакорлик бу. Мен 1957 йил кўчиб келганман бу ерга. Ховосдаям, Янгиердаям масжид йўқ эди. Ҳайит намозига Гулистонга бориб келардик. Кейин Ховосда, сўнгра Янгиерда ҳам очилди. Мана бир неча йиллардан буён ўқиб келяпмиз. Кўпчилик чиқади масжидга. Бомдодга Ховос масжидидаям бўлса 10-15 намозхон бўлади. Бу ерда 100га яқин киши чиқади.
Масжидни кўчирамиз, бузамиз, дейишдан аввал бу атрофдаги одамлар сонини ҳам ҳисобга олиш керакми-йўқми? Уйимизнинг ичидан қур демаяпмиз. Ўзлари келиб ўлчаб берди ёки уларнинг эси йўқми? Биз ўлчамадик-ку», - дейди оқсоқоллардан бири.

Суннатилло аканинг айтишича, бу масжидда ота-боболари ибодат қилган, ўзлари ибодат қилмоқда ва фарзандлари ҳам ибодат қилишини хоҳлайди.
Маълум бўлишича, 2019 йил 25 февралида Янгиер шаҳар ҳокими И.Хўжаев №75 сонли қарорини имзолаган ва унга асосан Янгиер шаҳар «Темир Малик» маҳалласи Пахтакор кўчасидан масжид қурилиши учун ер майдони ажратилган. Вилоят архитектура ва қурилиш бошқармасидан вакиллари келиб, ер майдони ўлчаниб, чегаралари белгиланиб кетилган.
Яна бир оқсоқолга кўра, «айни маҳаллада жиноятчилик шаҳарнинг бошқа ҳудудларига қараганда анча кам, чунки бу масжид ёшларнинг яхши-ёмонни танишида тарбия ўчоғи бўлиб улгурган. Қолаверса, жиноятчиликнинг камлиги масжиднинг баракаси бўлса керак. Бу масжиднинг жамиятга фойдаси бўлса бор, асло зарари йўқ», - дейди отахон.






















