Жамият | 22:44 / 11.07.2019
5739
2 дақиқада ўқилади

Зарафшонда сайёр қабул: Ҳарбий хизматчиларнинг аксарият муаммоси жойида ҳал этилди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Бугун, 11 июль куни Ўзбекистон мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги масъуллардан иборат Навоий вилояти Зарафшон туманида сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар бермоқда.  

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ташкил этилган сайёр қабулда Мудофаа вазирлиги марказий аппаратидан иборат ишчи гуруҳ офицерлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ҳарбий пенсионерларнинг мавжуд муаммолари, талаб, таклиф ва эҳтиёжларини ўрганиб, уларга амалий кўмак бериш юзасидан иш олиб борди.

Шунингдек, генерал-майор Азизбек Икрамов Зарафшон туманидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари учун форма тикишга мўлжалланган тикув цехини бориб кўрди. Яқинда очилган мазкур тикув цехида сабаб 6 нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи иш билан таъминланган. Мудофаа вазирининг ўринбосари бу ерда меҳнат қилаётганлар билан суҳбатлашиб, уларнинг келгусидаги фаолиятига муваффақият тилади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидлаш керакки, Зарафшон гарнизонида 400 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ўз оиласи билан яшайди. 121 нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи иш билан таъминланган бўлиб, 76 нафари ишчиз ҳисобланади. 200 га яқин ҳарбий хизматчининг рафиқаси бола тарбияси билан банд бўлса, 8 нафари ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

Сайёр қабул жараёнида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда захирага бўшатилган ҳарбийлар ва фахрийларнинг мурожаатлари тингланди, аксарият қисмининг муаммолари жойида ҳал этилди. Жумладан, саломатликни тиклаш билан боғлиқ мурожаатчиларга тиббиёт муассасаларига йўлланмалар берилган бўлса, мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш бўйича тушган мурожаатнинг бир нечтаси жойида ҳал этилди. Айрим мурожаатлар бўйича эса ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам кўрсатилди.

Эслатиб ўтамиз, Мудофаа вазири ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ 12 июль куни Навоий шаҳрида сайёр қабул ўтказади.

Мавзуга оид