Жамият | 19:39 / 12.07.2019
19016
9 дақиқада ўқилади

Фарҳод Эрманов билан суҳбат – Хоразмдаги ижтимоий-иқтисодий вазият, аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган, ечимини кутаётган долзарб муаммолар

2018 йил апрель ойида Фарҳод Ўрозбоевич Эрманов Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, 2018 йил ноябрь ойида бу лавозимга тасдиқланган эди.

Фарҳод Эрманов ўтган 1 йилдан ортиқ вақт ичида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қандай ўзгаришлар содир бўлгани, тадбиркорликни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай чора тадбирлар амалга оширилгани, шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган бошқа кўплаб муаммолар бўйича Kun.Uz журналистлари Сардор Юсупов ва Зафар Солижонов саволларига жавоб қайтарди.

- Муҳтарам Фарҳод Ўрозбоевич, аввало Kun.Uz муштарийлари билан очиқ мулоқот қилишга рози бўлганингиз учун сизга миннатдорчилик билдирамиз. Хоразм вилоятида иш бошлаганингизга бир йилдан ошди. Ўтган даврда қандай ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда, келажакда хоразмликларни нималар кутмоқда, дастлаб шулар ҳақида гапириб берсангиз.

- Ҳозирда вилоятимизда ҳар бир соҳада ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хоразмни ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва туризмга эътибор қаратиш энг асосий ечимлар сифатида қаралмоқда.

Иқтисодиётни ривожлантириш аввало саноатни ривожлантиришдан бошланади. Ўтган йили Питнакдаги «General Motors» заводининг ишлаб чиқариш қуввати оширилди. 2018 йили 40 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил кўрсаткич 60 минг донага етди. Вилоятимизда йилига 250 минг тонна пахта хомашёси олиняпти, шундан 85 минг тонна пахта толасини ишлаб чиқаряпмиз. Ҳозирги кунда бу толанинг 46 фоизини қайта ишлаяпмиз. Янада кўпроқ толани ўзимизда қайта ишлаш учун янги фабрикалар ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Тадбиркорлар ва инвесторларга етарли шароитларни яратиш вилоятдаги барча туман ва шаҳар ҳокимларининг асосий вазифасига айланди. Шу йилнинг сентябрида Ҳазорасп туманида жойлашган эркин иқтисодий зонада туркиялик инвестор билан эркак ва аёллар кийимларини ишлаб чиқарувчи корхонани ишга тушириш режалаштирилган.

Вилоятимизнинг туризм соҳасидаги салоҳияти ҳам баланд. Ўтган йили чет эллик туристлар сони 130 мингдан ошиқ эди, бу йил уларнинг сони 5-6 ой ичида 100 мингдан ошди. Уларни қабул қилувчи меҳмонхоналар сони ҳам ортмоқда.

- Тадбиркорликни ривожлантириш йўлида ҳали ҳам кўплаб тўсиқлар бор. Таҳририятимизга келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми тадбиркорларга ер ажратиш муаммоси билан боғлиқ. Бу муаммолар бўйича изоҳ берсангиз.

- Айрим ҳолларда туман ёки шаҳар ер ажратиш бўйича комиссиясининг эътиборсизлиги, хатолари туфайли тадбиркор зарар кўрмоқда. Экин экилиши лозим бўлган майдондан ҳам ерлар ажратиб берилган. Бу тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича мумкин эмас. Афсуски, экин майдонларини аукционга чиқариш ҳоллари ҳануз учраб турибди. Биз бундай ҳолатлар бартараф этилишига ҳаракат қиляпмиз. Аҳоли сони ортмоқда, агар ҳамма ерга бино қураверсак, эртага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш учун ерни қаердан топамиз? Шунинг учун энига эмас, бўйига ўсишимиз керак. Барчаси ҳозирда назорат остида ва керакли чора кўрилиб, уларнинг ишлари, албатта, ижобий ҳал этилади.

- Бу йилдан эътиборан Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида, туман марказларида ободончилик, қурилиш ишлари жадаллаштирилди. Натижада аҳоли мурожаатлари орасида мулкига компенсация берилиши билан боғлиқ бўлган масалалар асосий ўринга чиқди. Фуқароларнинг муаммоси қандай ҳал қилинади?

Ҳозирда шаҳарда ҳам, қишлоқларда ҳам «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида қурилиш ишлари авж олмоқда. Бу ишлар қаттиқ назорат остига олинган. Аҳолида «мен қаерга кўчириламан, мулким нима бўлади?» деган саволлар пайдо бўлмаслиги учун бузишдан аввал огоҳлантириш берилмоқда. Кўчадиган жойи ҳал этилиб, компенсацияси қопланганидан кейингина кўчириш ишлари бошланмоқда. Лекин «зарарим қопланмади, муаммо ижобий ҳал қилинмади» деб айтадиган бўлса, уни эшитиб, муаммосини албатта ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳар бири билан шартнома тузилмоқда, келишув битимида тарафлар хоҳиши инобатга олинмоқда.

- Бозорлар ва уларнинг реконструкция қилиниши, тадбиркорларнинг мулкига компенсация тўланиши билан боғлиқ ишлар ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолардан бири бўлиб турибди. Катта шов-шувга сабаб бўлган «Хоразм беклари» МЧЖга тегишли бўлган меҳмонхонанинг бузиб ташланиши билан боғлиқ бўлган иш юзасидан суд томонидан чиқарилган қарор қачон бажарилади?

«Хоразм беклари» МЧЖ ва шаҳар ҳокимлиги ўртасидаги низо судда кўрилди. Тарафларга келишув битими таклиф қилинди. Ажрим қабул қилинди. Бу ҳам ижобий ҳал бўлишини шахсан ўз назоратимга оламан.

Ҳазорасп тумани бозори бўйича шахсан ўзим бориб, қилинган ишларни ўз кўзим билан кўрдим. Лойиҳа 90 фоизга бажарилган. Ҳозирча бозорнинг бир комплексида қурилиш ишлари қолган. Мустақиллик байрами кунигача бозорни тўлиқ ишга тушириш чоралари кўрилади.

- Хоразмликларни ташвишга солаётган асосий муаммолардан бири йўл ва кўприкларнинг ҳолати билан боғлиқ. Уларни таъмирлаш учун қандай ишлар режалаштирилган?

- Йўл яхши бўлмаган жойга инвестор ҳам келмайди. Ўзимиз агар йўл ёмон бўлса тўйга ҳам бормаймиз, гапнинг очиғи шундай. Йўл муаммоси Ўзбекистондаги энг катта муаммо ҳисобланади. Вилоятимизда асфальт заводи бор. Кунига 2 минг тонна асфальт ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун камида 4 вагон битум керак бўлади. Ўтган йил давомида 7 минг тонна битум олганмиз. Бу йил эса 6 ой ичида 7 минг тонна битум олдик. Демак бу йил маблағлар режали ва мақсадли сарфланса, йўл таъмирлаш ишлари 2 бараварга оширилиши мумкин.

Бундан ташқари, туман ва шаҳар ҳокимларига йўлларни текислаш ва созлаш бўйича кўрсатмалар ҳам берилган. Хитой қўшма корхонаси ёрдамида техникалар олиб келинган, ҳудудларга тарқатилган.

- Хоразм вилоятида аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш ишлари қандай йўлга қўйилган? Мавжуд муаммолар қачон бартараф этилади?

- Аҳоли учун ҳам, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар учун ҳам табиий газ муҳим ҳисобланади. Лекин бизда белгиланган лимит мавжудлигини унутмаслигимиз керак. Бу бозор иқтисодиёти, экспорт ҳисобига валюта ҳажмларини ошириш зарурлиги каби муҳим факторларга бориб тақалади. Газ билан таъминлаш ҳар йили 15 фоизга қисқартириб борилаётган эди. Ўтган йили бу ишлар тўхтатилди. Агар ҳудудни газ билан таъминлаш мумкин бўлса, уни қайта кўриб чиқяпмиз.

Электр муммосига келадиган бўлсак, бизда Тахиатош иссиқлик энергия станцияси мавжуд. У ерда ҳозир капитал таъмирлаш ишлари кетяпти. Бу йил битта блоги таъмирдан чиқади, кейинги йили яна бир агрегати ишга тушади. Агар ИЭС тўлиқ ишга туширилса, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти ҳудуди электр токи билан тўлиқ таъминланиши мумкин бўлади.

- Хоразм вилоятида Республика миқёсидаги мусобақада иштирок этувчи ягона «Хоразм» футбол клуби бор. Унинг мавқеини тиклаш учун нималар қилиняпти? Бундан ташқари, Урганч шаҳридаги Хоразм спорт-мажмуаси (собиқ Олимпия стадиони) 2015 йилдан бери фойдаланилмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилган. У қачон ишга туширилади?

- Спорт давлатни дунёга танитади. Футбол клубимиз Суперлигада ўйнашини биз ҳам хоҳлаймиз. Бунинг учун етарли шароит керак. Универсиада сабаб Хоразм спорт-мажмуасида қурилиш ишлари бошланган, лекин маблағлар талон-тарож қилинган. Айбдорлар судланиб, ўз жазосини олишган. Президентимиз вилоятга келган вақтларида стадионни қайта таъмирлашга етарли маблағ ажратилиши ҳақида кўрсатма берди. Ҳозирда таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Битказилиб, албатта клубга топширилади.

- Хоразмда бир йиллик фаолиятингиз давомида орттирган таассуротларингиз, тажрибаларингиз, хоразмликлар ҳақида фикрингиз билан ўртоқлашсангиз. Уларга мурожаатингиз, тилакларингиз бўлса, билдирсангиз.

- Хоразм халқи интилувчан. Ҳамма топшириқларни бажаришга ҳаракат қилади. Шуни билдимки, бу ердагиларга катта назорат керак эмас. Шунчаки, уларга шароит яратилса, йўналиш бериб турилса, мақсадга эришилади. Ғурур билан айта оламан, Хоразм олдин ҳам машъал бўлган, кейин ҳам машъал бўлади. Бунинг учун президентимизга содиқ бўлайлик, халқ дуосини олайлик ва ОАВ вакиллари билан ҳамкорликда ишлашни давом эттирайлик. Ҳаммага соғлик-саломатлик ва оилавий хотиржамлик тилайман.

Эслатма, интервьюнинг тўлиқ талқини билан видеолавҳа орқали танишишингиз мумкин.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Мавзуга оид