Иқтисодиёт | 18:50 / 14.07.2019
12056
6 дақиқада ўқилади

«Капитал бозорни ривожлантириш учун хусусий мулк ҳуқуқини тўла кафолатлаш лозим». Агентлик директори билан интервью

Ўзбекистонда капитал бозори қай шароитлар билан ривожланмоқда? Капитал бозор деганда қандай тушунча пайдо бўлади? Уни келажакда қандай тасаввур этамиз? 

Ана шу масалалар юзасидан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров Kun.uz'га берган эксклюзив интервьюсида ўз мулоҳазасини билдирди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

— Агентликни бошқариб турган биринчи раҳбар сифатида айтингчи, мазкур тузилмани ташкил этиш ғояси қандай пайдо бўлган? Ўзбекистонда ушбу бозорни ривожлантириш учун қандай муҳим талаблар шаклланганди?

— Капитал бозорини ривожлантириш агентлигини ташкил этилишида сабаблардан бири — ушбу соҳада Ўзбекистонда мустақил регулятор керак эди. Унинг асосий вазифаларидан бири капитал бозори қоидалари, ушбу йўналишда тартибни ўрнатиш бўлса, бундан ташқари маҳаллий сармоядор, фуқаро инвесторларга имконият бериб, акцияларни сотиб олиш эвазига иқтисодиётда қўшимча молиялаштириш манбаларини шакллантиришдан иборат. 

Агентлик ташкил этилгунга қадар, Давлат рақобат қўмитаси ҳузурида Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази фаолият юритиб келган. Қўмита тугатилиб, унинг негизида учта мустақил орган: Давлат активларини бошқариш агентлиги, Монополияга қарши кураш давлат қўмитаси ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги.

Капитал бозори ҳолатини таҳлил этсак, Ўзбекистон иқтисодиёти асосан кредитлар орқали молиялаштирилган. Бизнинг биринчи вазифамиз шуки, капитал бозорни банк капитализациясининг ярмига тенг бўлган даражада ривожлантириб, унинг сифатини ошириш керак.

— Молиялаштириш кредит кўринишида банклар томонидан амалга оширилаётганини таъкидлаяпсиз. Аслида капитал бозори қандай бўлиши керак?

— Дунёда капитал бозорни ривожлантириш бўйича ҳар хил моделлар мавжуд. Булар орасида англо-саксон тизими жуда машҳур ҳисобланади. Нью-Йорк, Лондон, Ҳонгконг каби капитал бозорлари ушбу моделда фаолият олиб бораётган илғорлар саналади. Бу моделга мувофиқ, иқтисодиётни молиялаштириш манбаларининг деярли ярми шу бозорларда шаклланади. Мисол учун, АҚШда қимматли қоғозлар бозорида капитализация 30 триллион долларга яқин бўлиб, бу мамлакат ЯИМ (тахминан 19 триллион доллар) суммасидан анча баланд.

Ўзбекистонда эса ЯИМ тахминан 400 триллион сўм ёки 50 миллиард долларга яқин. Капитал бозордаги эркин маблағ айланмаси ЯИМнинг 0,5 фоизига ҳам тенг эмас. Мамлакатда бу борада жуда катта салоҳият мавжудлигини исботлайди. Яъни инвестицияларни акциялар, облигация орқали жамлашга имкониятимиз бор.

Тасаввур қилинг, бир корхона шартли балансга (актив ва пассивлари) эга, дейлик. Ҳар бир тадбиркор ишини ривожлантириш ё бошлаш учун қўшимча пул жалб этиши керак. Кўпинча бу пул корхона раҳбари, бизнес эгасининг пули бўлади, бошқа ҳолатларда пул қарзга олинади. Кредит линиялар орқали молиялаштириш манбасини топиш яхши ривожланяпти, аммо бизнесда шерикчилик жамиятимизда оммалашмади. Ҳамкорлар орқали шахсий бизнесга кўпроқ маблағ жалб этиш масаласи яхши ривожланмади.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Атабек Назиров

Облигациялар орқали маблағ жалб этиш ҳам манбаларни турфа хил кўпайтиришнинг бир усули. Кредитдан фарқли равишда, гаровга мулк қўймай, мажбуриятсиз облигация пуллари жалб этилади. Бонд эгалари эса уни олди-сотди амалиётида қўллаши мумкин. Масалан, бирор давлат бондларини харид қилиб, уни бозорда сотиб юбориш ҳам мумкин. Бунда ликвидлик масаласи юқори рол ўйнайди. Инвестор исталган пайт маблағларни бўшатиб олиш имкониятига эга бўлиши зарур. Банк тизимида бу шароит бор: депозитга қўйилган маблағни ечиб олишингиз, уни қайтариб олишингиз мумкин.

Биз ҳам бозорда шу имкониятни бошқа иштирокчиларга тақдим этишимиз керак. Ликвидлик даражаси ўсишида эса ҳажмга қаралади.

Бундан ташқари бозорда профессионал ўртакашлар, агентлар фаолияти талаб этилади. Афсуски, биз каби ривожланаётган давлатларда шундай имкониятлар ҳали кенг эмас. Бозор қанчалик катта бўлса, ҳамма ўз товарини ўша ерда сотишга қизиқади. Мисол учун, рўзғорни тўлдиришга отланган уй бекаси ҳам кичкина бозорга бормайди. Имконият бўйича катта бозор афзал кўрилади. У ерда талаб ва таклиф шартлари қулай бўлиши мумкин. Капитал бозори характери ҳам шундай ривожланади.

Биз бозорни ривожлантирмоқчи бўлсак, мувофиқ келадиган моделни танлаш зарур. Бунда глобал ва тайёр инфратузилмага қўшилиб, киришиб кетиш мумкин. Иккинчи йўлни танласак, маҳаллий ва миллий бозорни ривожлантириш устида иш олиб бориш керак. Булардан фарқли равишда, учинчи йўл ҳам мавжуд: дунё инфратузилмасига қўшилиб, бир вақтнинг ўзида маҳаллий шароитларни соддалаштириб бориш орқали маҳаллий инвестиция оқимини пайдо қилиш мумкин.

Капитал бозори ўз номи билан капитализм тарафдори, бу — хусусий мулк. Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тўла кафолат берилиши лозим.

Агар ҳукумат ўзи томондан капитал бозор ишига қўшилиб, тўсиқлар пайдо қилса, хусусий инвесторлар бу бозорга ишонмайди. Қатъий қарор қилиш керак, шунга тайёрмизми, деган саволга жавоб бериш ҳам керак.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори билан суҳбат давомида бозор хусусиятлари, агентликнинг келгуси режалари, соҳадаги тўсиқ ва масалалар ҳақида батафсил маълумот берилган. Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид