Акция бозорларига инвестиция киритиш ёки трейдерлик орқали даромад олиш мумкин, аммо кам пул тикиб, осон ва кўп пул топиш ортидаги шов-шувларнинг кўпи ёлғон.

Акцияни сотиб олишда нималарга эътибор бериш керак, нега ҳамма олди-сотдилар жоиз эмас, қанча вақтда ва неча пул билан фаолиятни бошласа бўлади? Трейдинг соҳасига кириш ниятидагилар нималарни билишлари муҳим? Шу каби саволларга Kun.uz'нинг молия саводхонлигига оид кўрсатуви меҳмони - инвестициялар ва трейдинг бўйича мутахассис Жавлон Отақулов жавоб беради.

Кўпчилик пулдан фақат муомала воситаси сифатида фойдаланади. Лекин пулни жамғариш, бойликни кўпайтиришни ҳамма ҳам уддалай олмайди. Чунки бу ўрганиладиган кўникма. Агар бугун кам миқдорда бўлса ҳам компания акцияларига узоқ муддатли инвестиция қилсангиз, эртанги кунингиз молиявий барқарор бўлиши мумкин. Э, қўйсанг-чи, бу фаолият мумкин эмас-ку. Бу ҳам бир ёлғон, инфобизнес, дейсизми? Бироз адашдингиз. Келинг, бу ҳақда молия бозорида саккиз йиллик халқаро тажрибага эга мутахассис Жавлон Отақулов фикрлари билан танишамиз.

— Жавлон ака, трейдинг нима? Трейдер ким?

— Трейдинг тўғридан-тўғри ўзбек тилига таржима қиладиган бўлсак, олди-сотди қилиш, савдо қилиш дегани ва айнан молия соҳасида, молия бозорларидаги мавжуд қимматли қоғозлар билан олди-сотди қилиш бу трейдинг деб аталади. Қимматли қоғозлар нима? Масалан, компания акцияси бўлиши мумкин ёки облигация бўлиши мумкин ёки бошқа турдаги молиявий шартномалар. Трейдер эса ана шу трейдинг соҳаси фаолиятида шуғулланувчи шахс. Брокер бўлса, бу воситачи, содда қилиб айтганда. Яъни трейдер ёки инвестор маълум бир қимматли қоғозни сотиб олиши учун воситачи керак. Ўзи қимматли қоғозлар биржада сотилади, биржада тўғридан-тўғри олиш имкони йўқ ва харидор билан сотувчини таклиф қилаётган нархларни бир-бирига мослаб, боғлаб берадиган воситачи — бу брокер.

— Тушунарли, Жавлон ака. Мавзуга тайёрланиш пайтида ҳамкасблар нима мавзуда бўлади, деб сўрашганида, трейдинг, деб айтганимда, инфоқаллобликми ёки бўлмасам, ҳалол эмас-ку деган тушунчалар билан эътироз қилишди. Шунга сизнинг фикрингизни билмоқчиман. Жамиятда бу тушунчалар қандай пайдо бўлган ёки аслида ҳам шундайми?

— Бунга сал батафсилроқ тўхталишимиз керак. Ўзи трейдинг жуда ҳам катта соҳа. Худди, масалан, бозорга бориб, қанақадир озиқ-овқат маҳсулоти олмоқчи бўлганингиз каби танлов жуда ҳам кўп. Молия бозорларида ҳам шунақа танлов кўпки, ҳар хил турдаги маҳсулотлар, биз буларни инструмент деймиз, мавжуд ва уларнинг ичида ҳалол бўлмаган инструментлар ҳам кўп. Ва айнан олди-сотди қилишда ҳам ҳалол бўлмаган амалиётлар кўп. Яъни сиз трейдинг билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, айнан қайси маҳсулотларни олди-сотди қиласиз, айнан қайси йўлларда ишлайсиз, қайси амалиётлар билан шуғулланасиз, шуни биринчи яхшилаб ўрганиб олишингиз керак. Чунки трейдинг соҳаси жуда катта бўлганлиги сабабли, унда илк бор кириб келаётган одам осонгина адашиб қолиши мумкин. Шунинг учун уламолар, бутун дунё мусулмон уламолари биргалашиб ишлаб чиққан шаръий мезонлар бор. Агар ўша шаръий мезонларнинг ҳамма шартларига мувофиқ келадиган ҳалол акциялар билан, ҳалол йўлларда савдо қиладиган бўлсангиз, бу йўл, демак, жоиз. Агар ҳалоллик мезонларига жавоб бермайдиган, турли хил ўша ножоиз инструментлар билан савдо қиладиган бўлсангиз, уни ҳалол дея олмаймиз. Ва энди бу соҳа инфоқаллоблик бўлиб кетиши ёки жуда ҳам ўша ижтимоий тармоқларда, айниқса, ёшлар орасида оммалашиб кетишига сабаб, энди буни айрим трейдерлар деймизми ёки ўша бизнесменлар деймизми, бошқача талқин қилишларида. Яъни осонгина, кичик пул билан тезда бойиб кетиш мумкинлигини кўрсатиб, рекламалар қилиб, ҳар хил, масалан, шов-шув, ҳайп қилиши натижасида ижтимоий тармоқларда жуда кўпчиликда шунақа фикр шаклланиб қолган. Лекин ўша айтиб ўтганимиздек, бу ерда агар ҳалолликка эътибор қаратадиган бўлсангиз, унинг ўзининг тартиб-қоидалари бор ва ҳамма инструментда, ҳамма маҳсулотларда ҳам сиз тезда, кичик пул билан бойиб кетишингиз имконияти йўқ. Ҳар бир, масалан, жуда ҳам юқори фойданинг орқасида жуда ҳам юқори риск туради. Яъни сиз тезда катта фойда қилмоқчи бўлсангиз, кўпчилик айтмайди, унинг ортида жуда ҳам катта зарар кўриш эҳтимоли, яъни риск туриши бор...