Жаҳон | 15:54 / 15.07.2019
8801
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти Японияни санкциялар жорий этгани учун танқид қилди

Фото: AFP

Корея президенти Мун Чжэ Ин стратегик аҳамиятга эга хомашёлар экспорти учун чекловлар киритган Япония ҳукуматига норозилик билдирди.

"Токиони киритилган санкциялар Япония иқтисодиёти учун жиддий зарар келтириши ҳақида огоҳлантирмоқчиман. Япония ҳукумати Жанубий Кореяга бир томонлама босимни тўхтатади ва биз дипломатик ечим топишга киришамиз деб умид қиламан", - деди Мун Чжэ Ин. 

Унинг сўзларига кўра, Токионинг чеклов чоралари Жанубий Корея иқтисодиёти ўсишини секинлаштиришга қаратилган.

1 июль куни Япония яримўтказгичлар ва гаджетлар экранлари ишлаб чиқаришда зарур бўладиган уч турдаги хомашё экспорти устидан назоратни кучайтирди. Эндиликда уларни олиш учун алоҳида рухсатнома керак бўлади.

Токио ва Сеул ўртасидаги муносабатлар 2018 йил кузда, Корея олий суди Япониянинг Nippon Steel & Sumitomo Metal компаниясига Иккинчи жаҳон уруши даврида тўрт нафар кореялик ишчини мажбуран ишлатгани учун товон тўлашга ҳукм чиқарганидан сўнг кескинлашганди. Япония бу масала 1965 йилда ҳал этилганини таъкидлаб, суд қарорини бажаришни рад этганди.

Мавзуга оид