Жаҳон | 09:20
822
2 дақиқада ўқилади

G7 саммити: Россия нефти ва газига қарши янги санкциялар тайёрланмоқда

Франциянинг Эвиан-ле-Бен шаҳрида бўлиб ўтган G7 саммити якунларига кўра, «Катта еттилик» давлатлари Россиянинг нефт-газ секторига қарши янги санкциялар жорий этиш ҳамда Украинага ҳаво мудофааси тизимлари, узоқ масофали қуроллар ва бошқа ҳарбий техникалар етказиб беришни давом эттиришга келишиб олди.

Фото: REUTERS

17 июн куни эълон қилинган якуний баёнотда G7 давлатлари Россиянинг ҳарбий иқтисодиётига босимни янада кучайтириш ниятида эканини маълум қилди.

«Биз Россиянинг ҳарбий иқтисодиётига босимни ошириш мажбуриятини оламиз. Шу муносабат билан нефт-газ соҳасига қаратилган чораларни ўз ичига олган янги санкцияларни кучайтирамиз», — дейилади ҳужжатда.

Баёнотда таъкидланишича, Россияга қарши янги чекловларни жорий этиш учун ҳозир қулай шароит юзага келган. Бунга АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон билан Ҳўрмуз бўғозининг очиқ қолиши бўйича келишувга эришгани сабаб сифатида кўрсатилган. Мазкур бўғоз орқали жаҳон бозорига катта ҳажмда нефт ва газ етказиб берилади.

Саммит иштирокчилари Украина масаласида ҳам ягона позицияда эканини билдириб, мамлакатнинг эркинлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашда давом этишларини маълум қилди.

«Биз Украина халқи билан ҳамжиҳатлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Мамлакат аҳолиси муҳим инфратузилма объектлари ва маданий меросга қарши уюштирилаётган ҳужумлардан жабр кўрмоқда», — дейилади баёнотда.

G7 давлатлари Украина армияси сўнгги ойларда фронтда муайян муваффақиятларга эришганини қайд этиб, майдонда янги вазият шаклланаётганини таъкидлади. Шу боис мазкур динамикани сақлаб қолиш ва кучайтириш мақсадида Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ракеталарни тутиб қолувчи воситалар, узоқ масофали қурол-яроғлар ҳамда бошқа ҳарбий техникалар етказиб бериш ҳажмини ошириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, G7 мамлакатлари Украина ҳудудида ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини берадиган лицензиялар ажратиш масаласини ҳам кўриб чиқишга келишиб олди.

Энергетика соҳасида ҳам қўллаб-қувватлаш давом этади. Саммит иштирокчилари Украинага келаётган қиш мавсумини барқарор ўтказиш учун энергетика инфратузилмасини сақлаб қолиш ва тиклаш бўйича ёрдам кўрсатишларини маълум қилди.

Маълумот учун, G7 таркибига АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Япония ва Канада киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид