Дунёда ишсизлик кўрсаткичининг қисқариши борасидаги олға силжиш иш сифатининг яхшиланиши билан кечмайди, дейилади Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг “Бандлик ва ижтимоий соҳа истиқболлари: 2019 йил тенденциялари” маърузасида.
Бандлик сифатининг пастлиги глобал меҳнат ташкилотларининг асосий муаммоси ҳисобланади, чунки Халқаро меҳнат ташкилотининг (ILO) янги ҳисоботига кўра, миллионлаб одамлар номуносиб меҳнат шароитларига рози бўлишга мажбур.
Янги маъруза - “Бандлик ва ижтимоий соҳа истиқболлари: 2019 йил тенденциялари” учун тўпланган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йилда бутун дунёда ишлайдиган 3,3 миллиард кишидан кўпчилик иқтисодий хавфсизлик, моддий фаровонлик ва имкониятлар тенглигига етарли даражада эга бўлмаган. Бундан ташқари, бутун дунёдаги ишсизликнинг қисқариши иш сифатининг яхшиланишида акс этмаяпти.
ХМТ томонидан эълон қилинган маърузада муносиб меҳнатда бир қатор жиддий камчиликлар сақланиб қолаётгани ёдга олинади ва жорий суръатларда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ), айниқса 8 БРМда баён қилинган барча учун муносиб меҳнатга эришиш кўп мамлакатлар учун нореал бўлиб кўринади.
“8 БРМ – нафақат тўлиқ бандлик, балки ушбу бандликнинг сифати ҳамдир”, - деди Дебора Гринфилд, Сиёсат бўйича ХМТ бош директорининг ўринбосари. “Тенглик ва муносиб меҳнат барқарор ривожланиш асосидаги иккита устун саналади”.
Ҳисоботда янги технологиялар туфайли амалга оширилган айрим бизнес моделлар меҳнат бозорининг бандликдаги расмиятчилик ва хавфсизлик, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат стандартлари каби соҳаларида мавжуд ютуқларга путур етказиши ҳақида огоҳлантирилади.
Ишга жойлашиш ҳар доим ҳам муносиб ҳаётни кафолатламайди, - деди ХМТ Тадқиқотлар бўйича директор, Дамиан Гримшоу,. “Масалан, 700 миллион киши банд бўлишларига қарамай, ўта ёки мўътадил қашшоқлик шароитида яшамоқда.
Юқорида қайд этилган муаммолар орасида иш кучида иштирок этишда гендер тенглиги тафовутини бартараф этиш борасида олға силжиш йўқ. Аёлларнинг фақат 48 фоизигина иш билан банд. Аёллар ҳам салоҳиятли, бироқ етарли даражада фойдаланилмаётган ишчи кучининг катта қисмини ташкил этади. Яна бир муаммо норасмий бандлик сақланиб қолаётганидадир. 2 миллиард ишчи, ёки дунёдаги иш кучининг 61 фоизи норасмий банд дея таснифланган. 25 ёшгача бўлган ёшларнинг ҳар беш нафаридан бир нафаридан ортиғи иш, маълумот ёки профессионал тайёргарликка эга эмаслиги ҳам хавотир туғдиради. Чунки бу ҳолат уларнинг келажакда ишга жойлашиш истиқболини хавф остига қўяди.














