Жамият | 22:00 / 15.07.2019
15728
9 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдан мурожаат: «Бизда канализация тизими чорак асрдан буён муаммо, тағин ҳаммом қуришмоқчи...»

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида Мираки деб номланган шаҳарча бор. Унинг довруғи нафақат вилоятда, балки республикага ҳам тарқалган. Чунки бу масканнинг ҳавоси тоза, у ям-яшил дарахтлар, баланд тоғлар бағрида жойлашган. Ёзнинг иссиқ кунларида бу ерга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан одамлар ҳордиқ чиқаргани келишади, табиатидан баҳраманд бўлишни исташади.

Kun.uz таҳририятига келиб тушган навбатдаги мурожаат айнан мана шу шаҳарча аҳлидан. Улар бу ерда содир бўлаётган айрим ишлардан норози. Вазият билан яқиндан танишдик.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори асосида Шаҳрисабз туманидаги «Мираки» МФЙ ҳудуди «Обод қишлоқ» давлат дастурига киритилган. Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, олиб борилаётган ишлар қонун доирасида бўлмаяпти. Таҳририятга тақдим этилган маълумотларга кўра, «Мираки» МФЙдаги Ҳамид Олимжон кўчасида жойлашган 6та 2 қаватли уйларга тегишли аҳоли ер майдонларида туман қурилиш ва архитектура лойиҳаси ҳамда туман ҳокимининг қарори асосида тадбиркорлар томонидан аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини қуриш ишлари бошланган. Ана шу шохобчалар ичида умумий типдаги ҳаммом ҳам қурилмоқда ва ишлар 20 фоизга бажарилган. Аммо ўша ерда истиқомат қилувчи фуқаролар бу қурилишдан норози бўлмоқда. Уларнинг фикрига қулоқ тутдик.

«Бизга умумий типдаги бундай ҳаммомнинг кераги йўқ. Чунки бунинг қатор сабаблари бор. Биринчидан, маҳаллада табиий газ йўқлиги сабабли мазкур ҳаммомда кўмир ёқилади. Ундан чиқадиган ис гази, атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига жиддий хавф солади. Иккинчидан, канализация тизимида муаммолар бор. Ҳаммомнинг сувини қаерга кетказишади? Одамлар ичадиган сувга буриб юборишадими ёки ҳовуз қилиб, бирор жойда тўплашадими?», дейди Т.Эргашев.

«Шундай катта Мираки ҳудудида ҳаммом қуриш учун бошқа жой топилмадими? Маҳалла раисининг бу масала билан сира иши йўқ. Ҳокимлик ва бошқа ташкилотлардан келиб, ҳаммом қуриш мажбурийлигини айтишмоқда. Санитария-эпедимология маркази, соғлиқни сақлаш ташкилотлари қаерга қарашяпти? Бу ерда ҳаммом ишлаши барча талабларга жавоб берармикан? Мана шу 6та кўп қаватли уйларда камида 50 нафарга яқин ёш бола бор. Шуларнинг ўйнаши учун ўйингоҳ қурса бўлади-ку? Аммо ундай қилишмайди, чунки ўйингоҳдан даромад олиб бўлмайди-да. Ҳаммом эса пуллик бўлади. Аммо шу ҳаммомни қураётган одам билиб қўйсин: одамлар унга барибир кирмайди, чунки бу ишлардан норози...», - дейди яна бир фуқаро.

Уларнинг сўзларига кўра, мазкур ҳаммомни қураётган тадбиркор одамларга «ҳаммом вақтинча ишлаб туриши, шундан кейин унинг ўрнига дўкон қурилиши» ҳақида айтган.

Маҳалла аҳлини фақат бу муаммо қийнамаяпти. Гап шундаки, бу ерда истиқомат қилувчи одамлар 15 йилдан буён газ нималигини билишмайди. Газ қувурлари кесиб олинган. Бундан ташқари, ушбу маҳаллада жами 40га яқин 2 қаватли уйлар жойлашган бўлиб, ушбу уйларнинг ширкати умуман тугатилган. Аҳолининг маълум қилишича, мазкур кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг уйларида табиий газ, иссиқ ва совуқ бор-йўқлигини, канализация каби муаммоларни ҳеч бир мутасадди ўйлаб кўрмаяпти.

«Маҳалланинг Амир Темур кўчасида жойлашган 12та 2 қаватли уйлардан чиқаётган чиқинди сув Шаҳрисабз туман 2-ихтисослашган мактаб интернатига тегишли бўлган стадион ҳудудидан очиқ, гўёки табиий булоқ сувидек чиқиб, ер остидан ўтиб, дарёдан келадиган тоза ичимлик сувига қўшилмоқда. Қўшилган сув эса вилоятда муҳим аҳамиятга эга Оқдарёга қўшилмоқда», - дейди яна бир фуқаро.

Фуқароларнинг айтишича, «Обод қишлоқ» дастурига асосан маҳалладаги ошхона, омборхона, гараж, ҳожатхона, товуқхона ва оғиллар бузиб ташланади. Буни ҳокимликдан келиб маълум қилишган.

«Биз давлат сиёсатига қарши эмасмиз, асло. Маҳалламиз обод бўлса, биз шунчалик хурсанд бўламиз. Мана, телевизорда кўрамиз, қанча-қанча ҳудудлар чиройли бўлмоқда. Аммо биз бир нарсадан қўрқамиз. Ҳокимият бузади, бироқ янгисини қуришни пайсалга солмасмикан? Яна оворагарчилик, сарсончилик бўлмасмикан? Кўз очиб юмгунча қиш келади. Одамлар қишга тайёргарликсиз, омборхоналарсиз нима қилади? Чорванинг ҳоли не кечади?», - дейди маҳалла аҳли.

Вазият маҳалла аҳли қўрқаётганидек хавотирлими? Уларнинг саволларига расмий мутасаддилардан жавоб олишга ҳаракат қилдик. Дастлаб, «Мираки» МФЙ раиси Бобур Азизов билан боғландик.

«Бўлаётган бу қурилиш менинг хабаримсиз амалга оширилган. Кейин билиб қолдим. Нима лойиҳа қилишган бўлса «архитектура» қилган. Бизда ҳақиқатан ҳам канализация тизими муаммо, миллиардлаб сўм маблағ талаб этилади. Тадбиркор агар ҳаммом қургиси келаётган бўлса, барча шароитлари билан қуриб бериши керак», дейди у.

Бу борада Шаҳрисабз тумани давлат санитария эпидемология назорати маркази раҳбари Сами Шомуродов вазият юзасидан изоҳ сўрадик.

«Аслида, бу ишларни амалга ошириш учун бизнинг ташкилотдан рухсатнома олинмайди. Аммо вазиятга ўз муносабатимни билдирган ҳолда қуйидагиларни айтиб ўтишим мумкин. Ҳаммомдан чиқадиган сув учун махсус ўра қилинади. Унинг усти бетонланиб, ёпиб ташланади. Фақат махсус транс машиналари чиқинди сувларини олиб кетиши учун кичик очиқ жой қолдирилади. У ҳам қопқоқли, оғзи ёпиқ бўлади. Кўмир масаласига келсак, одамларнинг ўзи кўмир, ўтин ёқади. Хавфсизлик чораларига амал қилмай, фойдаланаверишади. Ҳаммомга 2-3 метрли мўри ўрнатилиши режалаштирилган. Канализация масаласи жуда оғир. Уни ўтказиш учун жуда катта маблағ талаб этилади. Чунки қувурларни Мираки ҳудудидан олиб чиқиб, Шаҳрисабз шаҳри томон олиб тушиш керак бўлади. Ёки катта-катта ҳовузлар қуриб, сувни зарарсизлантириб, лаборатория текширувидан ўтказиб, кейин дарёга ўтказса бўлади. Юқорида айтганимдек, бу ишлар жуда катта маблағни талаб этади.

Бу йилги «Обод қишлоқ» дастури бўйича «Мираки» МФЙга тоза ичимлик суви ўтказиш режалаштирилган. Бунинг учун катта миқдорда маблағ ажратилган. Бундан ташқари, тоза ичимлик сувини одамларга сифатли, турли касаллик тарқатувчи омиллардан тозалаб етказиш ҳам осон эмас, бир қанча жараёнларни талаб этади.

Шу ўринда бир нарсага ҳайрон бўламан. Одамлар манфаати учун бирор иш қилсангиз ҳам, қилмасангиз ҳам улар барибир норози бўлаверишади. Телефонда ўшқиришади. Аммо бу ишлар миллиардлаб маблағ эвазига битишини ёки фақат бизга боғлиқ эмаслигини ўйлаб ҳам кўришмайди. Фақат ёзув-чизув қилиш билан иш битиб кетавермайди. Жамиятга дахлдорлик ҳиссини туйган ҳолда, олиб борилаётган ислоҳотларга фуқаролик позицияси нуқтаи назаридан муносабат билдириб муаммони ҳал этиш йўлларининг муқобил вариантларини ишлаб чиқишда бамаслаҳат, баҳамжиҳат иш қилинса, вазият ҳозиргидан кўра, анча ўзгарарди», - дейди С.Шомуродов.

Шаҳрисабз туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Асқар Қурбонов ҳам миракиликлар муаммоси юзасидан муносабат билдирди.

«Бу ишлардан хабарим бор. «Обод қишлоқ» дастури бўйича дўкон, чойхона ва ҳаммом қурилиши керак эди. Аммо ҳаммом аҳоли яшайдиган ҳудуд орасида тушиб қолган. Масала юзасидан Шаҳрисабз туман ҳокимига ўз таклифларим билан чиқаман. Муаммо бўлмайди, одамларни рози қиламиз, бунга ваъда бераман», дейди у.

Давлат раҳбари томонидан «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» каби давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилиши жуда қувонарли ва кутилмаган янгилик бўлди. Собиқ иттифоқ давридан бери аҳамият қаратилмай келган ҳудудлар пойдеворидан бошлаб янгиланди. Бироқ, шуни ачиниш билан таъкидлаш лозимки, яхши ният ила амалга оширилаётган бу ислоҳотларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб турибди. Чунки бугунги давр Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсат туб моҳиятида инсон омили ётибди, шахсий манфаатлар эмас. Мираки ҳудудида, мана, 20 йилдан ошдики канализация тизими ачинарли ҳолатда. Бу маҳаллий аҳолини ташвишлантириб келаётган оғир муаммолардан бири. Бу ҳам кези келиб ўз ечимини топади. Бироқ бир нарса ўйлантиради... Ҳозирги кунда мазкур ҳудудда одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида қилинаётган ишлардан ўз шахсий манфаатини кўзлаб фойдаланиб қолиш, бугунги давр ислоҳотига бўлган нописандлик, назаримизда. Мутасаддиларнинг «менинг хабарим йўқ», «ҳал этамиз» каби мавҳум гаплари ҳам муаммога ечим бўла олмайди. Бир мисқол бўлса ҳам, ишлар амалда кўриниши лозим. Умид қиламизки, тадбиркорга ҳам, фуқароларга ҳам зарар бўлмаган ҳолда мазкур муаммо ўз ечимини топади.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири
 

Сарвар Рахимов
Тайёрлаган Сарвар Рахимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид