«Гарчи ижтимоий тармоқларда айтилаётган ноҳақ ҳақорат ва таҳқирлар фарзандларим, яқинларим дилига жудаям оғир ботаётган бўлса-да, мен бу ҳолатга матбуот орқали изоҳ бермоқчи эмасман. Лекин, юртимиздаги бирор бир аёлни кимдир ноҳақ таҳқирласа, ҳақорат қилса, унинг ҳимояси учун матбуот орқали қайта-қайта изоҳ беришга тайёрман. Шунингдек, бировнинг шахсий фикрини ўзгартириш осон кечадиган ҳолат эмас. Қолаверса, қўмита раддиясида менинг муносабатим аниқ ва равшан очиб берилган».

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова бозордаги сотувчи аёллар ҳақидаги сўзлари юзасидан муносабат билдириб, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга ойдинлик киритмоқчи бўлди. Унинг фикри тўғри талқин қилинмай, мазмундан узиб олинган алоҳида жумлалар янглиш тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлаётганини билдирган Боситхонова матбуот орқали изоҳ бермаса-да, қўмита раддияси билан чекланишини изҳор этган.

Хўш, муҳокамали хабар қандай пайдо бўлди? Аслида, ҳолат қандай бўлган? Нима учун одамлар айтилган гаплардан шунчалар ғазабланишди?

Аввало, муҳокама предмети сифатида кўтарилган «маънавият», «маърифат» сўзлари, унинг жамиятда ишлатилишига эътибор қаратиш лозим. Бу сўзлар одамларни жунбишга келтирди, чунки ўтган йиллар давомида маънавиятни сохта талқин қилиш оқибатида инсонларда «маънавият»га нисбатан «аллергия» пайдо бўлган. Одамлар сохта тарғибот ва важлардан чарчаган.

Энди Боситхонованинг «маънавият» сўзини қандай ишлатгани ва бу журналист ҳамда блогерлар томонидан қандай қабул қилинганини таҳлил қилиб чиқиш лозим. 11 июлда (ўша куннинг ўзида) анжуманда янграган мулоҳозалар тўғрисида «Бозорчи аёлларда маърифат йўқ, маънавият йўқ. У бозорчи» мавзусида хабар эълон қилинди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда Боситхонова овози ёзиб олинган аудио тарқалди ва бу ҳолат «дарё янада пишқириб оқиши»га туртки бўлди. Лекин аудиоёзув тўлиғича, умумий мазмунни сақлаб қолган ҳолда эмас, бир парчасигина тарқатилди. Тўлиқ аудиода қандай гаплар айтилгани эса ҳеч кимга қизиқ бўлмади.

Қўмита сайтда чиққан хабарда ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга раддия билдирилганди, аммо бу гапларга энди ҳеч ким ишонмаслиги кундай равшан.

Ташкилот ва идоралар ахборот хизматлари шаффоф ишламай, ахборотни мунтазам яшириб келиши, зиддиятли вазиятларда биринчи манба сифатида изоҳ бериб, баёнот билан чиқмаслиги, қолаверса хабар тарқатувчи айрим блогерларнинг фактчекинг борасида «дангаса» экани Хотин-қизлар қўмитаси раиси билан юз берган ҳолатда ўз аксини топди.