Бундан 3 йил муқаддам, 2016 йилнинг 15 июлидан 16 июлга ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтаришига уриниш содир бўлганди. Туркия давлатчилиги тарихида 5-марта кузатилган бу ҳарбий тўнтаришга уриниш муваффақиятсиз якунланганди. Турк миллати ўз вақтида бирлаша олган ва давлатни қонли тўқнашувлардан сақлаб қолганди. Албатта, қурбонсиз эмас... Уч йил аввал 15 июль тунида Туркияда нималар бўлганди?

Таътилдаги президент, ижтимоий тармоқлар блокланиши ва русларнинг огоҳлантириши...

Давлат тўнтаришига уринишга жуда пухта тайёргарлик кўрилганди. Чунки, 15 июль куни олий бош қўмондон ҳисобланган президент Ражаб Тоййиб Эрдўған таътилда эди. Мармарис оролида оиласи билан дам олаётган Эрдўған исён бошланишидан бироз вақт аввал бу ҳақда хабар олади. Ўшанда Эрондаги ва араб нашрлари Туркия ҳукуматидаги ишончли манбаларига асосланиб, Эрдўғанни россиялик ҳарбийлар исёндан огоҳлантиришганини ёзишганди.

Эрдўған дам олаётган Мармарисдаги меҳмонхонага исёнчилар етиб боришганида, президент у ердан кетишга улгурганди, Эрдўған меҳмонхонани исёнчилар етиб боришидан 30 дақиқа аввал тарк этганди. Далмандаги аэропортга етиб олган Туркия президенти Истанбулга учишни режалаштиради, чунки унинг Анқарадаги макони қирувчи самолёт ва танкларда ўққа тутилган, у ер хавфсиз эмасди. Исёнчилар воқеалар ривожланиб кетишидан аввал мамлакат ҳудудида барча ижтимоий тармоқларга киришни блоклаб қўйишади. Шундай бўлишига қарамай, твиттерда Туркия кўчаларида юрган танклар суратлари пайдо бўлади.

Европа ва Осиёнинг айрилиши

Исёнчилар Туркиядаги ўта муҳим объектларни, жумладан Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропорти, Европа ва Осиёни боғлаб турувчи Босфор кўрфази устидаги кўприкни ҳам танклар билан эгаллаб олишганди. Шунингдек, мамлакатдаги йирик телерадиокомпаниялар ҳам исёнчилар қўлига ўтади. Қирувчи самолётлар миллий разведка биносини ўққа тутишади. Исёнчилар ўз даъволарини TRT телеканали орқали эълон қилишади. Телеканалнинг машҳур бошловчиси Тижен Караш исёнчиларнинг баёнотини ўқиб эшиттиради: «Туркия ҳарбий кучлари ҳукуматни ўз қўлига олганини эълон қилади. Биз мамлакатда бузилган инсон ҳуқуқлари ва конституцион тартибни қайтаришга ваъда берамиз. Халқаро келишувларнинг барчаси ҳамон амалда. Умид қиламиз, барча давлатлар билан илиқ алоқаларни сақлаб қоламиз».

Бошловчининг кейинчалик айтишича, унинг қаршисида қурол ўқталиб бу баёнотни ўқишга мажбур қилишган. Ражаб Эрдўғанни хоин деб атаган исёнчилар мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилишади. Истанбулга барча рейслар бекор қилиниши нималар бўлаётгани ҳақида бутун дунёга сигнал беради. Истанбулга келаётган барча самолётлар ҳавода ортга қайтишга мажбур бўлишади. Истанбулга кирадиган ҳар қандай йўллар ёпилади.