Жаҳон | 15:28 / 30.11.2021
4708
2 дақиқада ўқилади

Туркияда Фатҳуллоҳ Гулен ташкилотига алоқадорликда гумонланиб 134 киши қўлга олинди

Истанбул ва Анқарада ўтказилган операция чоғида қўлга олинганлар орасида талабалар ҳам борлиги айтилмоқда.

Фото: DHA

Туркияда полиция томонидан ўтказилган махсус операция чоғида Фатҳуллоҳ Гуленнинг FETO ташкилотига алоқадорликда гумонланиб 134 киши қўлга олинди. Бу ҳақда TRT Haber телеканали хабар берди.

Хабарда айтилишича, операция Истанбул ва Анқарада ўтказилган. Қўлга олинганлар орасида талабалар ҳам бор, дейилади хабарда.

Гумонланувчилардан «кўп миқдорда ташкилий ва рақамли ҳужжатлар» мусодара қилинган. Уч нафар гумонланувчи қочишга муваффақ бўлган.

Фатҳуллоҳ Гулен – турк жамоат арбоби, ёзувчи ва собиқ имом. Ўз чиқишларида у хайрия ва конфессиялараро мулоқотга урғу бериб, исломнинг мўътадил шаклини тарғиб қилади. 1999 йилдан бошлаб, АҚШда ихтиёрий сургунда яшаб келмоқда. 1970-йилларда Гулен ғоялари атрофида «Хизмат» ҳаракати пайдо бўлган. Ҳаракат дунёнинг кўплаб мамлакатларида мактаб ва шифохоналар очади.

Туркияда гуленчилар аввалига Ражаб Тоййиб Эрдўғанни қўллаб-қувватлашган. Бироқ 2012 йилга келиб, уларнинг муносабатлари кескинлашди. «Хизмат» Туркияда террористик ташкилот деб эълон қилинди. Туркия расмийлари Гуленни 2016 йилдаги ҳарбий тўнтариш ва Россия элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилишига алоқадорликда айблаган.

Аввалроқ Фатҳуллоҳ Гулен 16 ноябрь куни АҚШда заҳарлангани ҳақида хабар тарқалганди. Аммо унинг тарафдорлари ва полиция бу хабарни рад этди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид