Жамият | 19:20 / 18.07.2019
10414
2 дақиқада ўқилади

«Сувоқова» Ургутдаги ичимлик суви муаммоси бўйича мақолага муносабат билдирди

Kun.uz`да кеча, 17 июль куни «Ҳовуздаги қуртлаётган сув: Ургутдаги бир қишлоқ аҳли ҳаттоки кир ювишга яроқсиз сувни ичишга мажбур бўлмоқда» номли мақола эълон қилинганди. Бир кун ўтиб  Самарқанд вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси раҳбари Комил Юсупов муносабат билдирди. Унга кўра вилоят сувоқава раҳбарияти томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳолат ўрганиб чиқилган. Жумладан хатда шундай дейилади.

«Чиндан ҳам Бешёғоч қишлоғида яшовчи беш минг нафарга яқин аҳоли учун 1 дона ичимлик сув иншооти мавжуд бўлиб, унинг тўлиқ қувватда ишламаслиги аҳолининг норозилик кайфиятига сабаб бўлган. Мақолада Дарғом каналида ўрнатилган насос орқали аҳолининг экин майдонларини суғориш учун сув етказилиши, ичимлик сув етишмаслиги оқибатида аҳоли ушбу сувлари тиндириб истеъмол қилиши маълум қилинган.

Ҳозирда мавжуд ҳолатни бартараф этиш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги 13-сонли йиғилиш баёни асосида Ургут тумани аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш ишларига 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиши белгиланган.

Туман ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар бўйича туманнинг 11 та маҳаллалари ҳудудида ичимлик суви иншоотлари ва тармоқлари қурилиши бўйича манзилли рўйхат шакллантирилган. Унга кўра Бешёғоч маҳалласида бу сув иншооти қуриш ва тармоқ тортиш учун 485,6 миллион сўм ажратилиши белгиланган. 

Ҳозирда буюртмачи корхона томонидан лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш ниҳоясига етказилмоқда. Қурилишни жорий йил 30 июлга қадар бошлаш ва 30 августга қадар ниҳоясига етказиш режалаштирилди»,- дейди Самарқанд вилоят «Сувоқова» ДУК директори Комил Юсупов.

Мавзуга оид