Ёзувчи Акбар Мирзонинг “Президентнинг бажарилган топшириғи ёхуд бугуннинг “Тўмарис” аёли” номли мақоласи ЎзА томонидан эълон қилинди. Унда республика Хотин-қизлар қўмитасида раис ўринбосари бўлган, шунингдек, Олий Мажлисда ишлаган Бўритош Шодиева билан суҳбат уюштирилган. Қуйида суҳбат матни тўлиқ ҳолда келтирилади.

Олтмиш олтини қоралаган, сочларини қиров босган, кенг пешонасида шафқатсиз ҳаётнинг қат-қат изи қолган Бўритош опа гапга анча чечан бўлса-да, кўнгилдаги сирларни дарҳол ошкор қиладиган аёллар тоифасидан эмас экан. Айни пайтда олиб бораётган ишлари хусусида тўлқинланиб гапириб берди, аммо ўзи кўрсатган жасоратлар ҳақида сўз кетганда хаёлга толди. Кейин менга маъноли нигоҳ ташлаб, “Сирлигича қола қолсин”, дедилар астагина.

“Ёшларга ибрат қилиб кўрсатамиз”, дедим, яқин тарихимизни ўрганяпмиз деб важ кўрсатдим, мустақиллик учун курашган, уни сақлаб қолиш учун жонини тиккан инсонларни халқимиз билиши лозимлигини тушунтирдим. Бироқ опа негадир жим эди. Табиатан тортинчоқ эмасман, қайсарлик, ўжарлик каби хислатларим ҳам бор. Офисимдаги деворга ҳам “Ҳеч қачон таслим бўлма!” деган мақолни ҳаётий шиор қилиб ёзув қўйганман...Москвадаги Олий партия мактабининг тингловчисиман... Ва ниҳоят, анча йиллар аввал рўй берган воқеани сўзлаб беришга рози бўлди Бўритош опа. Аслида мен Сурхондарёнинг Узун ва Сариосиё туманларида кўрсатган қаҳрамонликларини ёдига солиб, шу ҳақида гапириб беришларини илтимос қилгандим. Бироқ суҳбатни узоқ Москвадан бошладилар. Умуман олганда, дебочаси чакки эмас эди. Қалбига йўл топсам, ҳаммасини билиб оламан, деб ўйлаб, сабр қилишга қарор қилдим.

– Бу вақтда республикамизда собиқ СССР Прокуратурасининг терговчиси Гдлян бошчилигидаги махсус гуруҳ бутун куч-қудратини, макрини, шафқатсизлигини ишга солиб, халқимизнинг асл фарзандларини элакдан ўтказаётган эди. Гоҳ марказий телевидениеда, гоҳ матбуотда Гдляннинг интервьюлари бериб борилар, фактларда асосан ўзбекистонлик раҳбарларнинг олган поралари, улар топшираётган пуллар, олтин ва кумушлар тўғрисида гап кетарди.

“Ҳаммаси порахўр, ҳаммалари давлатни талаган, ҳисобсиз бойлик орттирган товламачилар, юлғичлар!” деган ҳақоратларнинг залворидан бошимиз эгик, тилимиз қисиқ эди.

Биз тинглайдиган курсларда асосий мавзу қолиб кетиб, ўша интервьюлар, мақолалар, фоторепортажлар қайта-қайта муҳокама бўлар, ўқитувчилар бир-биридан ўтказиб республикамизда содир бўлаётган жиноятлар хусусида тинимсиз баҳс юритишарди.